Париж Паралимпия ўйинлари найза улоқтириш баҳсида ғолиб чиққан эронлик спортчи Садиғ Байт Сайёҳ ҳайратланарли воқеага дуч келди. У тақдирлаш маросими арафасида олтин медалдан маҳрум қилинди. Ф41 йўналишида рекорд ўрнатган бу атлетнинг ғалабасига икки хил қоидани бузгани учун белгиланган жазо соя солди.

Ғалабасини нишонлаётган Байт Сайёҳга рекорд янгиланган иккинчи ҳаракатидан сўнг “томоқни кесиш” маъносини берувчи ҳаракати учун дастлабки сариқ карточка кўрсатилди. Спортчи оддий, байрамга оид имо-ишора, дея таърифлаган қилиқ ҳакамлар томонидан нотўғри талқин қилинган. Иккинчи огоҳлантириш ғолиб қизил ҳарфлар туширилган қора байроқни очганидан сўнг эълон қилинди. Натижада Халқаро паралимпия қўмитаси қоидасига кўра, Эрон жамоаси вакили ўйинлардан четлатилди ва олтин медалдан мосуво этилди.

Шу тариқа ҳиндистонлик Навдип Сингх олтин, хитойлик Сун Пенсян ва ироқлик Вилдон Нуҳайлавий мос равишда кумуш ва бронза медалга эга чиқишди.

Т. Рўзиев, ЎзА