QNA ахборот агентлиги Тошкентда Ўзбекистон ва Қатар Миллий кутубхоналари ўзаро ҳамкорликка оид англашув меморандуми имзолагани ҳақида мақола эълон қилди.

Маданий, техник ва илмий соҳаларда қўшма ташаббуслар учун асос яратадиган мазкур ҳужжат ҳамкорликда кутубхона хизматини ривожлантириш, шунингдек икки мамлакатни бирлаштирган бой ислом маданий меросини асраб, келажак авлодларга етказишга қаратилган саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиради.

– Биз икки давлатга хизмат қилувчи инновацион лойиҳа ва ташаббусларни биргаликда илгари суришга интиламиз, – деди Қатар Миллий кутубхонаси ижрочи директори Хосум Тан хоним. – Мамлакатлар ва жаҳон ҳамжамияти илғор кутубхона хизматини доимий равишда такомиллаштириш орқали билимларни глобал миқёсда тарқатишга ёрдам берувчи, умумий маданий меросни янада чуқурроқ англашга хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга оширади.

Муассаса раҳбари доктор Ҳамад Ал-Куварий республикамизнинг бой маданий мероси, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарлари, Имом Бухорий, Имом Ат-Термизий каби буюк уламоларининг Ислом цивилизацияси тарихида тутган беқиёс ўрни араб халқлари томонидан юксак қадрланишини мамнуният билан таъкидлади.

Шайха Моза бинт Носир Ал-Миснад ташаббуси билан нодир меъморчилик андозаси асосида 2018 йил бунёд этилган ушбу кутубхона энг замонавий технологиялар ёрдамида фаолият олиб боради.

Навбатдаги келишув Қатар Миллий кутубхонаси мамлакатимиз билан шерикликда ислом меросини асраб-авайлаш ва тарқатиш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларининг мантиқий давомидир. Зеро, айни муассаса 2022 йил Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳам ўзаро англашув Меморандумини имзолаган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА