ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ)нинг Х халқаро илмий-амалий конференцияси 5 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” Халқаро форумлар саройида ўз ишини давом эттирди. Унда ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар ваколатли органлари, халқаро ташкилотларнинг ваколатли тузилмалари делегациялари раҳбарлари иштирок этди.

“Терроризмга қарши курашишда умумий саъй-ҳаракатлар” мавзусидаги тўртинчи сессия доирасида халқаро ташкилотлар (БМТ  Хавфсизлик кенгашининг таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва санкциялар мониторинги гуруҳи), Россия, Беларусь, Қозоғистон хавфсизлик ва махсус хизмат  органлари ҳамда Хитой ва Италия илмий-маърифий муассасалари вакилларининг маърузалари тингланди.

Иштирокчилар терроризмни молиялаштириш, хусусан пул оқимлари мониторинги самарадорлигини ошириш ҳамда шубҳали пул ўтказмаларини аниқлаш, МДҲ Аксилтеррор маркази ва ШҲТ МАТТ платформаларида террорчилик ташкилотлари ва терроризмни молиялаштиришга дахлдор бўлган шахслар тўғрисидаги  маълумотлар базасини ривожлантиришга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Террорчилик ташкилотларининг ўз жиноий фаолиятини  молиялаштиришда қўллаётган замонавий шакл ва усуллари муҳокама қилинди.

Тадбир иштирокчилари терроризм ва экстремизм билан боғлиқ пул оқимларини янада самарали аниқлаш ва уларга чек қўйиш мақсадида ШҲТ ва МДҲга аъзо давлатлар ваколатли органлари, халқаро ташкилотлар ўртасида ахборот алмашинувини давом эттириш зарур, деган якдил фикр билдирди.

“Экстремизм мафкураси –  давлатлар суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид” мавзусидаги бешинчи сессияда халқаро ташкилотлар (ШҲТ Халқ дипломатияси маркази, БМТ Хавфсизлик кенгашининг таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва санкциялар мониторинги гуруҳи), Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Хитой вазирлик ва илмий-маърифий муассасалари (ЎзР ДХХ Академияси, Беларусь стратегик тадқиқотлар институти, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси, Москва давлат лингвистика  университетининг Иберо-Америка дастурлари маркази, Евроосиё тадқиқотлар маркази ҳамда РФ Ташқи ишлар вазирлиги Москва давлат халқаро муносабатлар институти) вакиллари чиқиш қилди.

Унда иштирокчилар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тарқалаётган экстремизм мафкураси, хусусан ижтимоий тармоқлар ва турли веб-манбаларда экстремистик контентни аниқлаш ва таҳлил қилиш, виртуал оламда  радикаллашувга қарши курашиш мақсадида сунъий интеллект  технологияларидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.

Хавфсизликнинг бугунги чақириқ ва таҳдидлари кўлами ва хусусиятидан келиб чиқиб, терроризм ва экстремизмга қарши курашда қўшма сайъ-ҳаракатларни кучайтириш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, мазкур анжуман халқаро терроризмга қарши ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда  МДҲ ва ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Экстремизм ва радикализмнинг тарқалишига қарши чора-тадбирлар сифатида экспертлар томонидан ахборот алмашиш ва рақамли маконда экстремизмга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича халқаро стандартлар ва баённомаларни ишлаб чиқиб, жорий қилиш таклиф этилди.

Сессия якунида иштирокчилар очиқлик ва ўзаро ишонч тамойиллари асосида халқаро ҳуқуқ меъёрларига таянган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни янада  мустаҳкамлаш истагини билдирди.

ЎзА