Нукус шаҳридаги Президент мактабида 2024-2025 ўқув йили бошланиши муносабати билан “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев иштирок этиб, барчани Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги байрами ҳамда янги ӯқув йилининг бошланиши билан қутлади.
Таъкидланганидек 2023-2024 ўқув йили мазкур мактабни 21 нафар ўқувчи битказди. Улардан Аллаберди Зинхайдаров Жанубий Кореянинг UNIST (Ulsan National Institute of Science and Technology) институтига, Фаррух Отаназаров Туркия университетига грант асосида ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, 10 синф ўқувчилари Манзилбек Қарлибаев ҳамда Бексултон Бозорбаев “Robo-Coding” олимпиадасининг мамлакатимиз босқичида иккинчи ўринни эгаллади. 30-июнь Ёшлар куни муносабати билан 9 синф ўқувчиси Саъдулло Ризаев “Умид учқуни” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбирда ота-оналар сўзга чиқиб, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёш истеъдодларни аниқлаш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини намоён этишга кўрсатилаётган эътибор ҳамда ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Тадбир концерт дастури ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округи аскарларининг кўргазмали чиқишлари билан давом этди.
Президент мактабида машғулотлар “Мустақиллик дарси” билан бошланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.