Президент Шавкат Мирзиёев раислигида электротехника соҳасида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестицияларни кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Тадбиркорлар билан очиқ мулоқот давомида электротехника тармоғига оид кўп масалалар ўз ечимини топди.
Масалан, факторингдан энг кўп фойдаланувчи ҳам электротехника корхоналари. Йил якунигача соҳага камида 30 миллион долларлик факторинг учун ресурс жалб қилинади.
Ҳозирда ташқи қарз ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда четдан кираётган товарлар божхона божи ва ҚҚСдан озод қилинган. Лекин бу лойиҳаларда қатнашаётган ўзимизнинг корхоналар ҚҚС тўлаётгани оқибатида импорт товарлар билан нарх бўйича рақобат қила олмагани учун бундай лойиҳалардаги иштироки чеклангани кўрсатиб ўтилди.
Эндиликда халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларга етказиб берилган товарлар учун маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга қўшилган қиймат солиғи қайтариб берилиши белгиланди.
Тармоқ корхоналарига ягона талаб – сифат, таннарх ва рақобат. Бунинг учун ишлаб чиқаришга халқаро стандартлар жорий қилиниши ва сертификат мавжуд бўлиши зарурлиги таъкидланди.
ЎзА