4-5 сентябрь кунлари пойтахтимизда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Ўнинчи халқаро илмий-амалий конференцияси ва МДҲнинг терроризм ва экстремизга қарши курашиш бўйича иккинчи конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Конференциянинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов  табрик сўзи билан сўзга чиқиб, ШҲТ ва МДҲ  маконида кечаётган мураккаб ва қарама-қарши ҳарбий-сиёсий жараёнлар мамлакатларимиздан халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашда саъй-ҳаракатларимиз ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни бирлаштиришни  талаб этади, деб  таъкидлади.

– Бу ҳолат ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлигига бевосита  таҳдид солади. Вазият халқаро  террорчилик  ташкилотлари бошлиқларининг   давлатларимизга қарши ўзларининг бузғунчи  режаларидан  воз кечмаганликлари билан янада мураккаблашмоқда.

Афғонистон ҳукумати ўз имкониятлари ва ресурсларидан келиб чиқиб,  халқаро терроризмга қарши курашмоқда,  афғон махсус хизмати  ИДХВга қарши курашда етакчилик қилиб,  муайян натижаларга эришмоқда.  Шу боис, душманга қарши биргаликда  курашишимиз керак.

“Хуросон вилояти”га қарши курашда Афғонистонга ёрдам  кўрсатиш муҳим, чунки қарши чораларни заифлаштириш бу  гуруҳнинг кучайишига сабаб бўлади,  бу эса ўз навбатида, минтақа хавфсизлигига хавф солади.

Ишончим комилки, ўзаро ишонч,  халқаро терроризм,  экстремизм ва кибертаҳдидларга қарши курашиш  соҳасида мунтазам ахборот ва тажриба  алмашишга асосланган  изчил ва  мувофиқлашган фаолиятда бирга  ҳаракат қилиш ёрдамидагина давлатларимизда  барқарорлик ва  хавфсизликни таъминлашда  самарали натижаларга эришиш мумкин.

Шу боис, бугунги кунда  халқаро анжуманни ўтказиш долзарб бўлиб,  унинг доирасида иштирокчилар чақириқлар ва хавфсизлик таҳдидларининг бугунги ҳолатини  муҳокама қилиш,  самарали қарши кураш  чораларини ишлаб  чиқиш, халқаро ва минтақавий даражада аксилтеррор ҳамкорлигини мустаҳкамлаш имконига эга бўладилар, – деди А. Азизов.

ЎзА