Нукусда “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда партиянинг Марказий ва Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши вакиллари, депутатлар, электорат аъзолари, фаоллар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Маълумки, “Миллий тикланиш” демократик партияси – зиёлилар, жумладан, илм-фан ва таълим, маданият ва санъат, ахборот соҳаси вакиллари, олимлар, тарбиячи ва ўқитувчилар, ижодкор ва санъаткорлар, спортчилар, туризм, ҳунармандчилик ва халқ табобати соҳаси вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшларни ўз электорати ҳисоблайди.

Шу боис, янги Сайловолди дастурида ҳам айнан шу соҳа вакиллари манфаатидан, шунингдек, Она ватанимиз – Ўзбекистон ва барча ўзбекистонликлар, хорижда истиқомат қилаётган, биз учун доимо азиз бўлган ватандошларимиз манфаатидан келиб чиқиб, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган, шу билан бирга фуқароларимизни ўйлантириб келаётган кўплаб долзарб масалалар ечими бўйича аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Жумладан, баркамол авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш, маънавий юксалиш ва маданият соҳаси, оила, аёллар, ёшларга муносиб шароитлар яратиш, миллий иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, адолатли миллий давлат барпо этиш, хавфсизлик ва аҳоли муҳофазасини кучайтириш, халқаро майдонда миллий манфаатларимизни таъминлаш билан боғлиқ устувор мақсад ва вазифалар белгиланди.

Партия Сайловолди дастурида бош сиёсий шиор сифатида “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиорини белгилагани бежиз эмас. Бугун дунё ўзгаряпти, маънавий-ахлоқий таназзул борган сари кучаймоқда. Бутун дунёда кечаётган глобаллашув жараёнида барча мамлакатлар давлатчилик анъаналарини ўзларининг қадриятларига таянган ҳолда давом эттиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳар бир халқнинг, элнинг ўзига хос қадрияти: тили, дини, адабиёти, маданияти, санъати, анъана, урф-одатлари уларнинг ўзига хослигини таъминлаши мумкин.

Бўлажак сайловда энг юқори натижага эришиш ва сайловчилар ишончини қозониш ягона мақсад саналади. Тўғри, бу галги сайловлар аввалги сайловларга нисбатан кучли рақобат муҳитида ўтади.

Тақдимот маросимида иштирокчиларнинг сайловолди дастури бўйича фикр-мулоҳазалари тингланди. Янги таклиф ва ташаббуслар ўртага ташланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.