Туркия тарихининг шонли ўтмишидан хабар берувчи, Мустафо Камол Отатурк қўмондонлигида 1922 йил 26 августда бошланиб, 30 август куни якунланган, мамлакатда тинчлик ўрнатиш йўлида эришилган ғалабанинг 102 йиллиги айни пайт бутун мамлакат бўйлаб нишонланмоқда.
Бугун пойтахт Анқарада Ғалаба тадбири ва Турк Қуролли Кучлари байрами доирасидаги илк маросим Аниткабир майдонида бўлиб ўтди. Президент Режеп Таййип Эрдоған бошчилигида давлат расмийлари ушбу тарихий манзилгоҳни зиёрат қилди.
Дастлаб мамлакат етакчиси Отатурк мақбарасига гулчамбар қўйди. Ўтганлар хотираси ёдга олиниб, давлат мадҳияси тингланди.
– Буюк Отатурк азалий ватанимиз Анадолудаги ўрнимизни мустаҳкамлаган, миллат сифатида мустақиллигимизни таъминлаган зот, – деди Эрдоған. – Биз машаққатли кураш йўлида Туркия Республикасини замонавий цивилизация нуқтаи назаридан юксакликка кўтариш мақсадимиз сари қадамма-қадам олға бормоқдамиз. Орзуимиз тўлиқ рўёбга чиққунча курашни қатъият билан давом эттирамиз.
Байрам тадбирлари республиканинг Измир, Бурса, Трабзон, Эскишеҳир, Баликесир, Истанбул, Чаноқ қалъа ва Билежик каби йирик шаҳарларида ҳам давом этяпти.
Ўткир Алимов, ЎзА