Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларига ўқитиш, уларга менежерлик сертификатини бериш ва номзодларни лавозимга тайинлаш тизимини жорий этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги давлат мактабгача таълим ташкилоти директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга махсус портал орқали менежерлик сертификатини электрон шаклда бериш тизими жорий қилинади.

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб менежерлик сертификатига эга бўлган ташкилот директорига ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати давомида лавозим маошига ҳар ойлик 30 фоиз қўшимча устамалар тўланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан менежерлик сертификатига эга бўлган номзодлар орасидан ташкилот директори лавозимига номзодлар захираси шакллантирилади. Бунда ташкилот директори вакант лавозимларига номзодлар фақат сертификати мавжуд бўлган номзодлар захирасига киритилган кадрлар орасидан танлаб олинади.

Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодлар учун тарбия жараёнларини самарали бошқариш бўйича контент материалларини ишлаб чиқишда кўмаклашади.

Ушбу қарор билан Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институтининг тузилмаси ҳам тасдиқланди.

ЎзА