Президент Шавкат Мирзиёевнинг Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашуви давом этмоқда.
– Олдимизда тўрт йил вақт бор. Ўйлайманки, спорт федерациялари раҳбарлари ўзларига хулоса қилиб, Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган олимпиадага муносиб тайёргарлик кўрадилар, – деди Президент.
Бунга эришиш учун ҳар бир олимпия спорт турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу мақсадда келгуси тўрт йилда спортчиларни тайёрлаш бўйича катта дастурлар қабул қилинади.
Ҳар бир йўналишда спорт медицинаси, фармакологияси, диетологияси, психологияси ва муҳандислиги бўйича чет элдан малакали мутахассислар жалб этилади.
Бу борада “Олимпия шаҳарчаси”да мусобақалар ва ўқув-машғулотларни илғор хорижий тажрибалар асосида ўтказиш бўйича алоҳида тизим яратилади.
Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина мактаблари каби ихтисослашган спорт муассасалари ҳар бир ҳудудда, ҳар бир спорт йўналиши бўйича ташкил қилинади.
Бундан ташқари, жойларда, айниқса, маҳаллаларда янги-янги иқтидорларни кашф қилиш, уларни манзилли селекция асосида халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳам алоҳида дастур жорий этилади.
ЎзА