Нукус шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.
Хизматларда улуши энг катта соҳалардан бири, бу – умумий овқатланиш ва меҳмонхона хизматлари.
Давлатимиз раҳбари уларнинг энг катта муаммоси ҚҚС ва ишчилар ҳисобини юритиш эканидан хабардорлигини таъкидлади.
Шу боис 1 январдан умумий овқатланиш корхоналарига ҚҚСнинг бир қисми тадбиркорга “кэшбек” сифатида қайтариб берилади. Бунда ойлик айланмасининг 60 фоизини нақд пулсиз амалга оширган корхоналарга ҚҚСнинг 40 фоизи тўланган заҳоти қайтарилади. Агар нақд пулсиз айланма 60 фоиздан кам бўлса, “кешбэк” 20 фоиз бўлади.
ҚҚС тўлашга ўтган ресторан ва кафеларга фойда солиғи 2 карра камаяди. 1 декабрдан бу корхоналар нақд пулга сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кирим қилишда ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.
Уларга баҳор ва ёз мавсумида ўзларига туташ майдонларда стол-стул ва соябон қўйиб ишлашга рухсат берилади. Ресторан ва кафелар ишчилар билан қисқа муддатли, соддалашган меҳнат шартномасини тузиши мумкин бўлади.
Худди шу каби 1 октябрдан меҳмонхона ва туроператорларга ҳам тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи “кешбэк” қилиб берилади.
ЎзА