Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш давом этмоқда.

Масалан, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси. Йил бошидан Қорақалпоғистонга 1 миллион 300 минг сайёҳ ташриф буюрди. Лекин меҳмонхона ўринлари 2,5 мингга ҳам етмагани учун туристлар нари борса 1-2 кун вақтини Қорақалпоғистонда ўтказаяпти.

Нукус шаҳрида жойлашган Аччиқ-кўл атрофидаги 20 гектарда турар-жой комплекси, замонавий меҳмонхона ва дам олиш масканларини ташкил қилиш мумкин.

Нукус шаҳри ва туманидан ўтган Дўстлик канали ва Кегейлидаги “Кегейли” канали бўйида йирик савдо ва сервис мажмуаларини барпо қилса бўлади.

Нукус шаҳрида жойлашган “Истиқлол” парки 5 йилдан буён ишламаяпти. Ушбу боғ хусусий шериклик асосида фойдаланиш учун берилса, тадбиркорлар 10 миллион доллар сармоя киритиб, замонавий парк барпо этиш таклифини берган.

Амударё, Тўрткўл, Беруний, Хўжайлида туристларни жалб қилиш бўйича жуда катта салоҳият борлиги таъкидланди.

ЎзА