«Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинлари учун барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасида қурилиш ишлари жадал давом этмоқда.

Спорт вазири Адҳам Икромов ва Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов етакчилигидаги мутасадди-мутахассислар қурилиш ишларини кўздан кечирди.

Ўрганиш давомида мутасаддилар объектларнинг бугунги кундаги ҳолати билан яқиндан танишди. Уларга жараён учун масъул мутахассислар бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этди.

Қайд этиш жоиз, ҳозирги кунга келиб, металл конструкция ишлари аллақачон якунланган бўлиб, объектларнинг ташқи қисмини ёпиш жараёни кетмоқда. Қурувчилар ҳар бир деталга алоҳида аҳамият қаратилаётгани, фойдаланилаётган маҳсулотларнинг аксарияти пишиқ материаллардан тайёрланаётганини қўшимча қилди.

Суҳбат давомида ўйинлардан кейин объектлардан самарали фойдаланиш масаласи яна бир карра кўриб чиқилди. Иш самарадорлигини ошириш борасида керакли тавсиялар айтиб ўтилди.

Т.Рўзиев, ЎзА