17 август куни 2024-2025 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бўйича танлов натижалари эълон қилинди.

Бунда якуний танлов натижалари (мандат) билан юртимизнинг қатор ёшлари талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг ғамхўрлиги ва эътибори натижасида қорақалпоғистонлик ёшларга қатор имкониятлар яратиб берилмоқда. Шундай экан, жорий йилда талабалар қаторидан ўрин олмаган абитуриентларда ҳали имконият бор.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшовчи ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун 2023-2024 ўқув йилида давлат гранти асосида қўшимча 3 минг, тўлов-контракт асосида қўшимча 6 минг 500 квота ажратилган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур фармон билан жорий йилда ҳам қорақалпоғистонлик ёшларга Нукус ва Тошкент шаҳарларидан ташқари вилоятлардаги давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун қўшимча квоталар ажратилиши назарда тутилмоқда. Эълон қилинаётган мандат натижалари бўйича талаба бўлганлардан ташқари яна 6 минг 500 нафар ёш олий таълим муассасаларига қабул қилинади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.