Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили сифатида янги тайинланган Акико Фужиини билан учрашди.

Учрашувда ўтган давр мобайнида БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширилган муҳим чора-тадбирларга алоҳида урғу берилди. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ички назорат тузилмалари жорий этилди. Давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими, коррупция хавф-хатарларини баҳолаш имконини берувчи “Е-Anticor.uz” электрон платформаси ишлаб чиқилди.

«Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш» номли йирик ҳамкорлик лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилди, Финляндия, Литванинг коррупцияга қарши курашувчи идоралари билан фаол алоқалар йўлга қўйилди.

Келгусида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий марказ, «Коррупциясиз соҳа лойиҳа офиси»ни ишга тушириш, «Шаффоф шаҳарлар» концепцияларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус асосида коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш мақсадида бу йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган илк Медиа форумда ҳам БМТ Тараққиёт дастури агентликнинг энг яқин ҳамкорларидан бири бўлади.

Шунингдек, томонлар Коррупцияга қарши виртуал академия фаолиятини йўлга қўйиш, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларини коррупцияга қарши курашишдаги фаоллигини ошириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўналишларида ҳам биргаликдаги аниқ ва манзилли саъй-ҳаракатларни белгилаб олган.

Акмал Бурҳонов ана шундай муҳим мақсад ва вазифалар икки томон ўртасидаги алоқаларни сифат ва мазмун жиҳатдан янада бойитиб, ривожлантиришга хизмат қилаётганини мамнуният билан қайд этди.

Ўз навбатида, Акико Фужии ҳамкорликнинг салмоқли натижаларига алоҳида урғу бериб, ўзаро манфаатли алоқаларни келгусида ҳам янги суръатларда давом эттириш борасида таклиф ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Учрашувда ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичда давом эттирилиши қайд этилди.

Н.Абдураимова, ЎзА