Сайлов қонунчилигига кўра, партия сайловдаги иштирокини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг нафар сайловчининг имзосини тўплаши зарур.

Сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. Бу ўз навбатида сайловда соғлом рақобат учун шароит яратишга хизмат қилади.

“Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари айни жараёнга масъулият билан қарамоқда. Бунда асосан фаол аъзолар, бошланғич партия ташкилотлари вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” ҳамда партиянинг ғоя ва мақсадларига хайрихоҳ бўлган юртдошларимиз маҳаллаларда, ишлаб чиқариш корхоналари билан ташкилотларида бўлиб, аҳолига сайловнинг дастлабки босқичи – имзо тўплаш тадбири ҳақида маълумот бермоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида ташкил этилган имзо йиғиш жараёнида 70 нафардан ортиқ партия аъзоси, маҳалла вакиллари ва ёшлар мазкур партияни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этишини қўллаб имзо чекишди. Уларнинг таъкидлашича, бугунги ислоҳотлар, янгиланиш ва ҳаётимизни яхшилаётган долзарб ўзгаришлар даврида ҳеч ким четда турмаслиги керак.

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири.