Жорий йилнинг 27-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва туман(шаҳар) Кенгашлари депутатлари сайлови бўлиб ўтиши муносабати билан партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплаш ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада имзо тўплаш тадбир ҳам сайловчиларнинг фаоллиги юқори даражада эканидан далолат берди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда фаоллар, депутатлар, тиббиёт бирлашмаси мутахассислари, бошланғич партия ташкилоти, шунингдек, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар қаноти” аъзолари ҳамда фуқаролар фаол иштирок этди.
– Партияни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғиш жараёни бўлаётганини эшитиб келдим. Чунки бу партияга меҳрим бўлакча, – дейди тиббиёт бирлашмаси шифокори Баҳоргул Даулетова. – Партиянинг мақсад ва вазифалари ҳақида унинг Нукус она ва бола скрининг марказида олиб борган ўрганиш ишларида яқиндан танишдим, Шундан хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, бемор болаларга ёрдам бериш мақсадида ўтказилаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” лойиҳаси эътиборимни тортди. Партиянинг тиббиёт соҳасида олиб бораётган фаолиятини янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида унинг бўлажак сайловларда иштирок этиши учун ўз хоҳишим билан имзо қўйдим.
Имзо тўплаш жараёнида 100 нафардан зиёд сайловчи иштирок этган бўлиб, улар орасида бу йил сайловда илк бор иштирок этадиган ёшлар ҳам бор.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.