“Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси вакиллари ҳамда экспортчи корхона раҳбарлари иштирокида семинар бўлиб ўтди.
Семинар иштирокчиларига жорий йилнинг 1-апрель куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва уларни экспорт қилувчи тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган имтиёзлар тушунтирилди.
Таъкидланганидек, кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида 2024 йилда юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш ҳамда уларни экспорт қилиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан жами 1,5 триллион сўмгача бўлган миқдорда кредит ресурслари йўналтирилади.
Шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар стендларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашган нуфузли халқаро кўргазма ва ярмаркаларда жозибадор локацияларда жойлаштириш учун ариза киритиш ва Савдога кўмаклашиш жамғармасига амалда ажратилган маблағлар ҳисобидан олдиндан 100 фоиз тўлаб бериш тартиби жорий қилинади. Бунда, кўргазма ва ярмарка тадбирларида иштирок этиш харажатлари учун тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги тоифасига мутаносиб равишда субсидиялар ажратилади.
– Ушбу яратилган имтиёзлар биз учун катта имкониятдир, – дейди “Исламбек-Даулетбай” МЧЖ директори Д.Сметов. – Бугун дунё бозорида қуёшли Ўзбекистонимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бораётган бир пайтда, фитосанитар тоза маҳсулотлар етиштириб, кўпроқ экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Тадбир давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири