Жорий йилнинг 28 августидан 8 сентябрига қадар Франциянинг Париж шаҳрида XVII ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади.
Бу галги ўйинларга 65 нафар ўзбекистонлик пара атлет 9 та спорт туридан (пара енгил атлетика, пара таэквондо, пара ўқ отиш, пара сузиш, пара каноэ, пара академик эшкак эшиш, пара дзюдо, пара пауэрлифтинг ва пара велоспорт) жами 113 та лицензия қўлга киритди. Бу Ўзбекистон Паралимпияси тарихида рекорд кўрсатгич ҳисобланади. Таққослаш учун паралимпиячиларимиз 2016 йил Рио де Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ўйинларга 32 та, Токио да бўлган ўйинларга 70 та лицензия қўлга киритган эди.
Эътиборлиси, Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган 65 нафар пара атлетнинг 29 нафари, яъни 45 фоизи аёл спортчилар ҳисобланади. Бундан ташқари, пара ўқ отиш бўйича илк бор ўзбекистонлик аёл спортчи – Шахноза Мамажонова Паралимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритди. Бу эса юртимизда Паралимпия ҳаракатида ҳам гендер тенглиги таъминланиб бораётганидан далолатдир.
Франция пойтахтидаги ўйинларда Ўзбекистон делегацияси пара велоспорт туридан дебют қилади. Икки нафар пара велоспортчимиз XVII ёзги Паралимпия ўйинларида велопойганинг 8 та йўналишда ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Шунингдек, пара каноэ, пара таэквондо, пара пауэрлифтинг ва пара енгил атлетика спорт турларида рекорд даражада лицензиялар қўлга киритилди.
Пара енгил атлетика бўйича терма жамоамиз аъзоси Шахина Йигиталиева Ўзбекистон тарихида Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган энг ёш спортчи ҳисобланади. У 2008 йил 19 октябрда туғилган. Делегация вакилларининг кўпчилиги айни дам ўқув йиғин машғулотларининг якуний босқичини ўтказишмоқда. Паржи паралимпия ўйинларининг расмий очилиш маросими 28 август санасига белгиланган.
М.Турдалиева, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА