Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммити доирасидаги тадбирлар якунланди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Остона шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари тор доирада учрашув ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдилар. Икки томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинди. Қўшма лойиҳаларни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон-Қозоғистон дўстлигини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ўз мамлакатининг олий давлат мукофоти – «Олтин Қирон» орденини тантанали равишда топширди.

Етакчилар Қозоғистон пойтахтида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали очилишида иштирок этдилар.

Бугун Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди ва минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Шавкат Мирзиёевга минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Саммит доирасида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув бўлиб ўтди, унда икки томонлама дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ташриф тадбирлари якунлангач, Остона халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов кузатиб қўйди. Давлатимиз раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.