Қадрли ҳамкасблар!

Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга анъанавий дўстона қабул ва саммит юксак даражада ташкил этилгани учун билдирилган самимий миннатдорлик сўзларига қўшиламан.

Ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич, сизнинг минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатларимизнинг умумий манфаатларини илгари суриш йўлидаги фаол саъй-ҳаракатларингизни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Сизнинг ташрифимиз арафасида эълон қилинган “Марказий Осиё Ренессанси: барқарор тараққиёт ва фаровонлик сари” дастурий мақолангизда биргаликда олиб бораётган ишларимиз ва янги босқичда минтақавий кооперация истиқболларини чуқур таҳлил қилиб бергансиз.

Олти йил олдин айнан шу ерда, Остонада биз биринчи Маслаҳат учрашувини ўтказган эдик.

Ўтган давр мобайнида барча мамлакатларимизда, ҳеч муболағасиз, тарихий учрашувлар – саммитлар бўлиб ўтди. Кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик солномасида янги саҳифа очдик.

Очиқ ва самарали мулоқотларимиз, илгари сурилган муҳим ташаббуслар, ишга туширилган кўп томонлама лойиҳалар ва дастурлар, амалга оширилган кўплаб қўшма тадбирлар ва шу каби бошқа ҳаракатларимиз минтақа қиёфасини ва имижини тубдан ўзгартирди.

Биз самарали ҳамкорлик қилиб, муҳим масалаларни ҳал қила бошладик. Ўзаро савдо, инвестиция, юк ташиш, фуқароларнинг ташрифлари ҳажми бир неча баробар кўпайди.

Ташқи шерикларимиз томонидан амалий қизиқиш сезиларли даражада ортди. Юқорида айтилганидек, “Марказий Осиё плюс” форматидаги турли учрашувлар шундан далолат беради.

Бугун биз умумминтақавий ўзига хосликни шакллантириш жараёни бошлангани ҳақида ишонч билан айтишимиз мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимга бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида минтақадаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдираман.

Мен бугун минтақавий ўзаро ҳамкорлик механизмлари ва институтларини ишга тушириш, жумладан, миллий координаторлар, тармоқ вазирликлари ва идоралари вакиллари учрашувлари бўйича билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлайман.

Ҳозирги босқичда биз қабул қилган қарорларни амалга ошириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун самарали воситалар керак, деб ҳисоблайман.

Умуман олганда, минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш ва узоқ муддатли шериклик кун тартибини бойитиш учун Маслаҳат учрашуви форматини янада такомиллаштириш масалаларини биргаликда кўриб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблайман.

Шу мақсадда биз минтақа мамлакатлари етакчи таҳлил марказлари ва илмий-тадқиқот институтларининг Марказий Осиё эксперт форумининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қиламиз. Уларнинг концептуал тавсиялари ва таклифларини кейинги саммитимиз давомида биргаликда кўриб чиқишимиз мумкин.

Ҳурматли учрашув иштирокчилари!

Марказий Осиё ўзининг геосиёсий жойлашуви туфайли глобал ишонч инқирози ва можаролар кескинлашувининг барча салбий оқибатларини тўлиқ бошдан кечирмоқда.

Украина атрофида ва Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар минтақанинг барқарор ривожланишига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмоқда. Анъанавий савдо ва транспорт занжирлари бузилди. Биз санкциялар сиёсатининг асирига айландик, логистика харажатлари сезиларли даражада ошди, инфляция босими кучаймоқда. Жаҳон капитал бозорида имкониятлар қисқармоқда, протекционизм кучайиб, янги-янги тўсиқлар пайдо бўлмоқда.

Минтақамиз барқарорлигининг муҳим омили ҳисобланган қўшни Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши билан боғлиқ масалалар халқаро кун тартибида иккинчи даражага тушиб қолди.

Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, Марказий Осиёнинг бугуни ва келажаги, мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан умумий саъй-ҳаракатларимизга, яқиндан ҳамкорлик қилиш, қатъий чоралар кўриш ва минтақа манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигимизга боғлиқ.

Ташқи сиёсат идораларимиз томонидан стратегик ҳужжат – Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Қадрли ҳамкасблар!

Амалий минтақавий ҳамкорликнинг, бизнинг нуқтаи назардан, устувор ҳисобланган йўналишларига қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи. Бизга янги драйверлар, узоқ муддатли истиқболда иқтисодий шерикликни ривожлантиришнинг янги модели керак.

Мамлакатларимиз табиий савдо шериклари бўлиб, миллий иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдиради.

Шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда мамлакатларимиз умумий товар айланмасида ички минтақавий савдонинг улуши сезиларли даражада эмас. Марказий Осиёда тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш йўлида ҳамон тўсиқлар сақланиб қолмоқда.

Биз халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда таҳлил ўтказдик ва келгуси беш йилда ўзаро савдо ҳажмини икки баробар оширишни таъминлайдиган биринчи навбатдаги чора-тадбирларни белгилаб олдик. Бу беш юздан ортиқ позициядаги товарлардир.

Бу ўринда аввало тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш ва регламентларни унификация қилиш, божхона операциялари ва фитосанитария тартиб-таомилларини рақамлаштириш, давлат харидлари жараёнида ўзаро иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқиш каби чора-тадбирлар ҳақида гап бормоқда.

Ягона минтақавий бозорни шакллантириш бизнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегик мақсадимиз бўлиши керак.

Ушбу масалаларнинг барчасини кўриб чиқиш учун мамлакатларимиз Бош вазирлари ўринбосарлари даражасида Иқтисодий кенгаш – мунтазам равишда учрашувларни йўлга қўйишни таклиф қиламиз.

Биз шундай биринчи учрашувни келгуси йили Тошкент шаҳрида ташкил қилишга ва унинг доирасида Ҳудудлар форуми ва тармоқ конференциялари, саноат салоҳияти кўргазма-ярмаркаси, экспорт имкониятлари тақдимотларини ташкил этган ҳолда Марказий Осиё бизнес ҳамкорлиги ҳафталигини ўтказишга тайёрмиз.

Иккинчи. Саноат кооперациясини ўзаро қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш.

Биз минтақадаги ҳар бир мамлакат билан аллақачон бундай ҳамкорлик бўйича муваффақиятли намуналарга эгамиз. Чегараолди ҳамкорликка доир махсус ҳудудлар, замонавий автомобиллар, маиший электроника, фармацевтика препаратлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик кластерлари, логистика марказлари ва инфратузилма лойиҳалари шулар жумласидандир.

Биз кучларимизни бирлаштириб, қисқа қўшилган қиймат занжирларини яратиш, етакчи халқаро компаниялардан инвестиция ва технологияларни жалб қилиш, кооперациянинг янги шаклларини жорий этиш орқали минтақани саноатлаштиришнинг ягона харитасини шакллантиришга эриша оламиз, деб ҳисоблайман.

Ушбу устувор йўналиш бўйича вазирлар даражасида Кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш ва дастурий ҳужжат тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, Марказий Осиё инвестиция кенгашини таъсис этиш, минтақа мамлакатлари Инновацион ривожланиш банкини ташкил этиш, қўшма инвестиция форумларини мунтазам ўтказиб бориш ҳам истиқболли масалалар ҳисобланади.

Таъкидлаб айтаман, барча Марказий Осиё давлатларининг инвестициявий жозибадорлиги ушбу йўналишдаги ишларнинг мувофиқлаштирилган ҳолда олиб борилишига боғлиқ.

Учинчи. Жаҳон банки хулосасига кўра, мамлакатларимиз ҳали ҳам дунёдаги иқтисодиёти энг кам “бирлашган” мамлакатлар қаторида қолмоқда.

Гап ички минтақавий транспорт-коммуникация тармоғи ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, минтақа географиясининг ўзига хослиги туфайли ташқи савдо юкларини ташиш харажатлари улуши товар якуний қийматининг 50 фоизига етмоқда. Бу жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан 4-5 баробар юқори.

Мен самарали транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилишни қўллаб-қувватлаганликлари учун ҳамкасбларимдан миннатдорман.

Бугун кун тартибида Европа Иттифоқи, Хитой, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё ҳамда Яқин Шарқ бозорларига чиқишни таъминловчи кўплаб лойиҳалар мавжуд.

Келишилган тариф сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, миллий ташувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича имтиёз ва преференцияларни қўллаш, транспорт тармоқлари ва инфратузилмасини модернизация қилиш, чегара пунктларининг ўтказиш қобилиятини ошириш, транспорт секторини рақамлаштириш масалалари тизимли ёндашувни талаб қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Транспорт ва транзит тўғрисидаги битимни қабул қилиш бўйича таклифимизни қўллаб-қувватлаганингиз учун миннатдорлик билдираман. Унинг қоидаларини амалга ошириш мақсадида транспорт вазирликлари, ташувчилар ва экспедиторлар, логистика компаниялари ва мутахассислар иштирокида Экспертлик конференциясини ўтказишни таклиф қиламиз.

Тўртинчи. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ишларни мувофиқлаштирилган ҳолда амалга ошириш лозим.

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг миллий экспертлари ва мутахассислари таъкидлашича, биз нафақат асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича ички минтақавий эҳтиёжларни таъминлашимиз, балки халқаро бозорда мустаҳкам ўринларни эгаллашимиз мумкин.

Аграр ишлаб чиқаришнинг инновацион усуллари, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш, чуқур қайта ишлашни ривожлантириш, селекция соҳасида илмий ишларни кучайтириш, кластерлар ва “ақлли фермалар”ни яратиш муҳимдир.

Тошкент шаҳрида сентябрь ойида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича халқаро форум ташкил этиш ниятидамиз. Форум доирасида Минтақавий стратегия ишлаб чиқиш учун қишлоқ хўжалиги вазирларининг алоҳида учрашувини ўтказишни таклиф қиламиз.

Бешинчи. Глобал иқлим ўзгариши оқибатлари мамлакатларимизнинг ҳар бирида сезилмоқда. Ҳарорат кўтарилиши, музликлар эриши, тошқинлар, қурғоқчиликлар, чанг бўронлари ва бошқа кўплаб табиат ҳодисалари жиддий талафотлар етказишда давом этмоқда.

Жорий йилнинг ноябрь ойида Озарбайжонда бўлиб ўтадиган Иқлим саммити давомида мамлакатларимиз ягона позиция билан чиқишлари мумкин.

Бу ўринда сўз халқаро жамоатчилик, фондлар ва донорлик ташкилотлари эътиборини ушбу ўткир муаммолар, жумладан, Орол фожиасига ечим топишга қаратиш мақсадида минтақадаги экологик вазият ҳақида қўшма тақдимот ўтказиш ҳақида кетмоқда.

Бизнинг янги таклифларимиз қаторида Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш комплекс дастури, Трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг минтақавий стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масалалари ҳам бор.

Олтинчи. Энергетика секторидаги ҳамкорлик айниқса долзарбдир.

Бугунги кунда минтақавий кўламда электр энергияси генерациясини ошириш ва уни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш бўйича қатор стратегик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, атом энергетикасини ривожлантириш, углеводородларни етказишни ошириш бўйича режалар мавжуд.

Бу энергетика вазирларининг доимий учрашувлари доирасида мувофиқлаштирилган ишларни олиб бориш учун муҳим йўналишлардан бири, деб ҳисоблайман.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Биз мамлакатларимиз парламентлари ўртасида ўзаро самарали алмашувларни ривожлантиришни юқори баҳолаймиз ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз.

Келгуси ойда кўҳна Хива шаҳрида минтақа мамлакатларининг навбатдаги Парламентлараро форумини ўтказишни режалаштирганмиз.

Маданий-тарихий мероснинг умумийлигини ҳисобга олган ҳолда, халқларимизнинг минтақа келажаги учун дахлдорлиги, бирдамлиги, умумий масъулиятни англашини кучайтиришга катта эътибор беришимиз лозим.

Ўйлайманки, “Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак” халқаро медиа платформасининг тезроқ ишга туширилиши ушбу йўналишда муҳим амалий қадам бўлади.

Минтақа халқларининг ўзаро бир-бирини тушуниши ва бирдамлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида минтақавий ўзига хосликни шакллантиришнинг амалий жиҳатларига бағишланган илмий форум ўтказишни таклиф қиламиз.

“Марказий Осиё ёшлар кун тартиби – 2030”ни илгари суриш ва ёш авлодни ҳамкорлик дастурларига жалб қилиш учун доимий равишда Инновацион ғоялар ва лойиҳалар минтақавий ёшлар танловини ўтказишни таклиф қиламиз.

Марказий Осиё таълим ва академик алмашув дастурини қабул қилиш ва мамлакатларимиздаги етакчи олий ўқув юртларининг дипломларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни ишлаб чиқишни муҳим деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, минтақа давлатларининг иқтидорли талабалари ўқиши учун ўзаро келишувлар асосида стипендиялар ажратишни таклиф қиламиз.

Ушбу лойиҳаларни батафсил муҳокама қилиш учун Тошкент шаҳрида октябрь ойида Марказий Осиё биринчи таълим форумини ўтказиш ниятидамиз.

Мамлакатларингиз миллий делегациялари таркибига таълим вазирлари, етакчи университетлари ректорлари, олимлар ва экспертлари қўшилса, биз бундан мамнун бўлар эдик.

Туризм сектори минтақавий ҳамкорликнинг янги драйверига айланиб бормоқда. Мамлакатларимиздаги ички минтақавий туристик оқим улуши сўнгги йилларда сезиларли даражада ошди.

Туристик алмашувни кенгайтириш мақсадида “Битта тур – бутун минтақа”  тамойили бўйича миллий ай-ди карталарни ўзаро тан олиш ва оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш масалаларини ўрганиб чиқишни таклиф қиламиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бугун биз муҳим ҳужжатларни, шу жумладан, Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришни 2040 йилгача мўлжалланган концепциясини имзолаяпмиз.

Муносабатларимизнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ва уни янада ривожлантириш учун Марказий Осиёда стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида кўп томонлама битимни имзолашга тайёрлашни таклиф қиламиз.

Ишончим комил, бугунги учрашувнинг сермаҳсул натижалари минтақада дўстлик ва яхши қўшничилик янада мустаҳкамланишига, халқларимизнинг фаровонлиги йўлида ўзаро амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизларнинг барчангизни келгуси йил август ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф қиламан.

Эътиборингиз учун ташаккур.