Ўзбекистон Республикаси Президенти “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси маркази” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси саноатининг ривожланиш барқарорлигини рағбатлантириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг рақобатбардошлиги ва инновацион фаоллигини ошириш, минтақавий ва халқаро қўшилган қиймат занжирларига уланиш ҳамда қулай инвестиция муҳитини яратиш мақсадида 2023 йил 9 ноябрда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукуматлари ўртасида «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси маркази фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги Битим имзоланган эди.

Мазкур қарорга мувофиқ, Сирдарё вилояти Сирдарё туманидаги 50 гектар суғориладиган ер участкаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилади ва ушбу ер участкасида «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси маркази» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади.

Марказнинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йилни ташкил этади ва ушбу муддат кейинчалик қонунга мувофиқ узайтирилиши мумкин.

Марказ фаолияти давомида унинг иштирокчиларига эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари учун белгиланган алоҳида солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар татбиқ этилади.

Марказ ҳудудига саноат корхоналарини ишлаб чиқариш жараёнига жалб этиш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали саноат кооперацияси кенгайтирилади.

«Ягона дарча», интерактив механизмларга асосланган божхона, сертификатлаштириш, фитосанитария, ветеринария, транспорт, банк ва валюта айирбошлаш, уяли алоқа, шунингдек, мижозлар учун тиббиёт, меҳмонхона, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа хизматлар йўлга қўйилади.

Марказ ҳудудида фақат Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш сертификати назорати остида реализация қилинади;

юридик шахслар томонидан Марказ ҳудудида ишлаб чиқариш фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилади;

Ўзбекистан Республикаси ҳудудида бўлган хорижий давлат фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Марказ ҳудудига алоҳида назорат ўтказиш пункти орқали ҳаракатланиш ҳужжатлари асосида ўтади ва уларга фақат кирган назорат ўтказиш пункти орқали ортга қайтишга рухсат этилади;

Марказ ҳудудида шахслар, транспорт воситалари ва юклар эркин ҳаракатланади.

Қозоғистон Республикаси ва ушбу давлат орқали ташриф буюрувчи чет эл фуқаролари учун Марказ ҳудудига махсус назорат ўтказиш пункти орқали визасиз тартибда, шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан кириш, 15 кун мобайнида ҳудудда бўлиш ва кирган назорат пункти орқали чиқиш имконияти йўлга қўйилади.

ЎзА