2024-2025 ўқув йилида олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовлари 2024 йил 14-25 июль кунлари “Аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ, 73 та катта сиғимли бинода очиқ ва холис ўтказилди.
Жараённи хавфсиз ва беталафот ўтказиш учун 1 минг 578 нафар ички ишлар, 833 нафар Миллий гвардия, 314 нафар Ёнғин хавфсизлиги ва 233 нафар соғлиқни сақлаш тизими ходими жалб этилди.
АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори ўринбосари Фарҳод Мирзаев ва агентлик масъуллари тест синовлари якунлари хусусида маълумот берди.
Қайд этилишича, тест синовлари шаффофлигини таъминлаш мақсадида тест синовлари жараёнининг онлайн трансляцияси телевидение орқали узатилди ва test2024.uz веб-сайтида тўғридан-тўғри ёритилди.
Абитуриентларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик учун соя-салқин кутиш жойлари ва енгил овқатланиш шохобчалари ташкил этилди ва тест жараёнини онлайн кузатишлари учун катта экранлар ўрнатилди. Жамоатчилик орасидан очиқ танлов ўтказиш орқали 3 000 нафарга яқин гуруҳ назоратчиси, шунингдек, гапириш ва эшитишда нуқсони бўлган абитуриентларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 120 нафар сурдотаржимон таклиф этилди.
Тест синовларининг ҳар кунлик натижалари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида синов ўтказилган куннинг эртасига эълон қилиб борилди. Ҳужжат топширган 805 минг 688 нафар абитуриентнинг 740 минг 352 нафари (91,9%) тест синовларида иштирок этди, 65 минг 336 нафар (8,1 %) абитуриент турли сабабларга кўра қатнашмади.
Абитуриентларнинг 210 нафари 189 ва ундан юқори балл тўплашга муваффақ бўлди. Юқори балл тўплашга эришган абитуриентларнинг аксарияти “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи битирувчиларидир.
Шунингдек, тест синовларида иштирок этган абитуриентларнинг 43 минг 677 нафари чет тили сертификатига эга бўлган абитуриентлар бўлиб, шундан 76 нафари максимал (189) балл тўплаган. Умумтаълим фанларидан миллий сертификатга эга бўлган абитуриентлар эса 13 минг 142 нафарни ташкил этган ҳолда, улардан 118 нафари максимал (189,0) балл олган.
Ҳам умумтаълим фанларидан миллий сертификатга, ҳам чет тили сертификатига эга бўлган абитуриентлар сони 4 минг 259 нафар бўлиб, шундан 74 нафари максимал (189,0) балл тўплаган.
Тест синовлари даврида жами 159 нафар абитуриент тартиб-қоидаларни бузгани сабабли тест синовларидан четлаштирилди. Жумладан, 62 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойида ва 97 нафар абитуриент имтиҳон жараёнида тест синовлари тартиб-қоидаларини бузгани аниқланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА