«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини икки баробар ошириш ва «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш кўзда тутилган.

Бу жараёнда асосий ишлаб чиқарувчи бўлган тадбиркорлар қандай қўллаб-қувватланмоқда? Бу ҳақда Бизнес омбудсман Тошкент шаҳар шўъбаси етакчи инспектори Баҳром Бобомуродов қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Стратегиядаги миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича устувор вазифалар ижросини таъминлашда мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари муҳим ўрин тутади.

Бунинг учун эса тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарур. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман) институти изчил фаолият юритмоқда.

Бизнес омбудсманга тадбиркорларнинг хусусий мулкка доир ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича ваколат берилди.

Яъни, тузилмамиз эндиликда нафақат ёзма огоҳлантиришлар, тақдимномалар киритиш орқали, балки маъмурий жавобгарлик механизмини ишга солган ҳолда хусусий мулкка дахл қилиш ҳолатларига қарши курашмоқда.

Ўтган йилда тадбиркорлардан Бизнес-омбудсманга 8,6 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлса, шунинг 50 фоизи бўйича тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланди.

Жорий йилда тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган текширувлар қонунийлиги мониторинг қилинганда  назорат органлари томонидан ноқонуний текширувлар ўтказилгани, айрим ҳолатларда текшириш ўтказиш тартиби бузилганлиги аниқланган.

Қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 1 минг 303 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, 70 нафар ходимга интизомий жазо қўлланилган.

Айтиб ўтиш керакки, яқинда юртимизда 20 август – Тадбиркорлар куни нишонланади. Бу сана тадбиркорларимиз учун нафақат байрам, балки муаммоларини ҳал этиш учун улкан имкониятлар эшигини хам очмоқда.

Чунки Давлатимиз раҳбарининг сана муносабати билан тадбиркорлар билан учрашиб, очиқ мулоқот қилиши анъана тусини олди.

Бундай учрашув илк бор 2021 йил 20 августда ташкил этилган эди. Давлатимиз раҳбарининг таклифи билан мазкур сана мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” этиб белгиланди.

2024 йил 30 майда Давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни янада самарали ўтказиш учун “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Унда тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш, тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича ҳар йили ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини юқори савияда ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Шу мақсадда республика комиссияси тузилди. Ҳудудларда тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.

Айни кунларда тадбиркорлар мурожаатлари ва таклифларини туну кун қабул қилиш ва умумлаштириш, тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, тадбиркорларнинг алоҳида масалаларини жойларда тезкорлик билан ҳал қилишни ташкил этиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2024 йилдаги очиқ мулоқоти Қорақалпоғистон Республикасида ўтказилади.

Н.Абдураимова, ЎзA