«Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциянинг 11-моддаси «Таҳдидли ва фавқулодда гуманитар вазиятлар»га бағишланган.

Унга кўра, иштирок этувчи давлатлар ногиронлиги бўлган шахсларни таҳдидли вазиятларда, фавқулодда гуманитар вазиятлар ва табиий офатлар пайтида ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриши белгиланган.

«Фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам кўрсатиш» мавзусида Тошкентда ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз юритилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда давлат органлари ходимлари ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.

Тадбир давомида фавқулодда вазиятлар даврида ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа ҳаракати чекланган шахсларнинг яшаш ва соғлиқ ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қилинган ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан муҳокамалар олиб борилди.

Иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларга фавқулодда вазиятларда ёрдам беришга мўлжалланган хорижий давлатларда ишлаб чиқилган энг янги жиҳозлар билан танишиш имконига эга бўлди.

Республика тезкор хизмати томонидан олий ўқув юртларида фавқулодда вазиятларда фуқаролар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши бўйича дарс машғулотлари ўтказилаётгани қайд этиб ўтилди.

Муҳокамалар фавқулодда вазиятларда ногиронлиги бўлган шахслар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Тадбир якунида иштирокчилар мазкур соҳада ҳамкорликни давом эттириш ва ташаббусни янада ривожлантиришга умид билдирди.

 Н.Абдураимова, ЎзА