Президентимиз Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали йиғилишда аёллар тадбиркорлигини янги босқичга кўтариш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиш борасида қатор вазифаларни белгилаб берди.

Шу мақсадда 2024 йил 7 мартда давлатимиз раҳбарининг “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини (100 миллион доллар) жалб этиш масаласига бағишланган йиғилишда шу ҳақда гап борди.

Тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес, хусусий ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди.

Йил бошидан 3,5 миллиард долларлик 3 минг лойиҳа ишга туширилди. 76 минг юқори даромадли доимий иш ўрни яратилди. Тадбиркорлик учун 82 триллион сўмлик кредит ва 15,5 триллион сўмлик субсидия берилиб, 600 минг аҳоли бизнесга жалб қилинди.

Хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини кенг қўллаб-қувватлаш мақсадида грантлар, техник кўмак ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини фаол жалб этиш, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар билан алоқаларни ривожлантириш бўйича долзарб вазифалар ҳам муҳокама қилинди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, нодавлат ташкилотлар вакилларига грант олиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва тақдим қилиш тартиби ҳақида тушунчалар берилди.

Ташқи ишлар вазирлиги ва Инвестициялар саноат ва савдо вазирлигига хориждаги ваколатхоналар билан биргаликда халқаро донор ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва тайёрланган таклифларни уларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунда Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Жанубий Корея ва Германия каби давлатларга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги айтиб ўтилди.

Масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда 14 йўналишда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга халқаро молия ташкилотларининг грант маблағларини жалб этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан тайёрланган жами 140,5 миллион долларлик ўзбек тилидаги 59 грант лойиҳаси концепциялари бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА