2022 йил 11 майда “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳолашдан ўтказилмоқда.

Бу йил e-antikor.uz электрон платформасига юборилган маълумотлар асосида 92 давлат ташкилоти учун коррупциявий хавф-хатарлар хариталари тузилди.

Таъкидлаш лозимки, давлат ташкилотларининг раҳбарлари ташкилот зиммасига юкланган функцияларда коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш учун шахсан жавобгар саналади.

Янги тизим давлат ташкилотларига юклатилган функцияларни амалга оширишда мавжуд бўлган коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш имконини яратди. Уларни бартараф этиш чораларини кўриш, бу билан келгусида ушбу ташкилотларда содир этилиши мумкин бўлган шу йўналишдаги жиноятларнинг олдини олувчи тизим яратилди.

Мақсад коррупциявий хавф-хатар юқори функциялари кўп бўлган ташкилотни “коррупциялашган» ёки хавф-хатари асосан паст бўлган ташкилотларни «коррупциядан холи» ҳисоблаш эмас, балки хавф ҳақида сигнал бериш ёки огоҳликка чорлашдир.

Зеро, аниқланаётган ҳолатлар мазкур ташкилотларда назорат чоралари етарли йўлга қўйилган ёки аксинча қўшимча назорат чоралари кўрилиши кераклигини, шу билан бирга, ташкилот раҳбарлари  коррупциявий хавфи юқори бўлган жараён (функция)лар ва уни бажарувчи лавозимларни алоҳида назоратга олишига туртки беради.

Мисол учун, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг коррупциявий хавф-хатар юқори функциялари билан танишиб чиқсак. 2024 йилда вазирликка юклатилган 134 функция баҳолашдан ўтказилган. Баҳолаш якунига кўра, хавф-хатар даражаси 24 функцияда – «юқори», 74 функцияда – «ўрта» ҳамда 36 функцияда – «паст» даражада.

Ҳозирда вазирлик томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича дастур асосида мавжуд хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Бошқа ташкилотларда ҳам эгаллаган функциясига қара фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш, коррупция хавфини кескин камайтириш, ҳатто йўқотиш имкони мавжуд.

Н.Абдураимова, ЎзА