Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар сайловига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Айни пайтда жорий йилнинг 27 октябрида бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиши учун Марказий сайлов комиссияси ижозат берган бешта сиёсий партия сайловчилар имзосини тўпламоқда.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, шаҳар ва туман ташкилотларида сайловга тайёргарлик кўриш бўйича ташкил этилган сайлов штаблари сайловчилар имзоларини тўплаш ишларини тизимли равишда йўлга қўйиб, имзо варақаларини тўлдириш тартиби ва бу борада амал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар сайловчиларга тушунтирилмоқда.
“Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Нукус шаҳридаги Марказий амфитеатрда ташкил этилган имзо йиғиш жараёнида 150 нафардан ортиқ партия аъзоси, маҳалла вакиллари ва ёшлар “Миллий тикланиш” демократик партиясини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этишини қўллаб-қувватлаб имзо чекишди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.