Олимпия ўйинларининг ортда қолган ўн биринчи кунги сарҳисобига кўра, 76 та давлат вакиллари тўрт йиллик комплекс мусобақаларнинг совриндорлари қаторидан жой олишга муваффақ бўлган.

Етакчилар қаторида ҳамон АҚШ, Хитой, Австралия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея жамоалари бормоқда.

АҚШ спортчилари ҳозирча 24 та олтин, 31 та кумуш, 31 та бронза, жами 86 та медаль билан 1-ўринда бормоқда. Океан орти вакилларидан кейинги поғоналардан жой олган Хитой олимпиячилари 22 та олтин, 21 та кумуш, 16 та бронза, жами 53 та медаль билан 2-ўриндан, Австралия жамоаси 14 та олтин, 12 та кумуш, 9 та бронза билан 3-ўриндан жой олган.

Уларни таъқиб этаётган мезбонлар жамоаси Франция олимпиячилари ҳисобида 13 та олтин, 16 та кумуш ва 19 та бронза медали мавжуд.

Давлатлар кесимида 38-қаторда бораётган Ўзбекистон жамоаси 1 та олтин ва 2 та бронза медалига эга.

Юртимиз боксчиларининг 3 нафари финалга йўл олганини, 2 нафари ярим финал остонасида эканини инобатга олсак, олимпиячиларимизнинг умумий медаллар сони 8 тага етади.

Бу, Ўзбекистоннинг давлатлар қаторидаги ўрни янада юксалишини англатмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА