Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда бир қатор муҳим нормалар ўз аксини топган.

–Қонун лойиҳасида инвесторларнинг кафолатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари белгиланмоқда. Мамлакатимизда янада қулай инвестиция муҳитини яратиш, инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, амалдаги инвестиция қонунчилигининг илғор халқаро стандартлари, жумладан Жаҳон савдо ташкилотининг қоидаларига мослаштиришга қаратилган нормалар акс этмоқда.

Қонун лойиҳасида инвесторларни энг катта хавотирга солувчи омил ва хатарлар бўйича ечимлар киритилмоқда ҳамда ортиқча чекловлар бекор қилинмоқда. Жумладан, “Бозорга кириш” кафолатлари ҳамда инвестиция фаолиятини асоссиз текширишлардан ҳимоялаш кафолатлари белгиланмоқда.

Бундан ташқари, инвестицияларни рағбатлантириш чоралари ва имтиёзлар доираси кенгайтирилмоқда. Хусусан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонада хорижий инвесторлар улуши бўйича талаб 15 фоиздан 10 фоизгача туширилмоқда.

Шунингдек, инвестиция фаолиятини ҳимоялашнинг қўшимча кафолатлари киритилмоқда. Бунда асосан миллий режимга риоя қилиш ҳамда хорижий инвесторларнинг ердан фойдаланиш имконияти 25 йилдан 49 йилгача узайтирилмоқда. Маҳаллий ва хорижий инвесторларга тенг бўлган имтиёз ва преференциялар тақдим этилмоқда.

Қонун лойиҳасидаги яна бир асосий муҳим жиҳатлардан бири бу инвестициявий низоларни ҳал этиш тартиби халқаро тан олинган стандартлар асосида қайта кўриб чиқилмоқда. Яъни, инвесторларнинг халқаро арбитраж институтларига мурожаат қилишига оид чекловлар бекор қилинмоқда, – деди инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Н.Холмуродов.

Муҳокамаларда қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида инвесторларнинг кафолатлари ва эркинликлари аниқ баён қилиниб, бундай ҳуқуқ ва кафолатларни қўллаш бўйича инвесторларнинг турли талқинлари ва чалкашликларига барҳам берилади.

Энг муҳими, “Ягона дарча” орқали инвестицияларни ва инвесторларни рағбатлантириш институтлари ва ягона ваколатли инвестиция органи қонун билан мустаҳкамланади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА