Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида “Микромолиялаштириш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари ўртасида “занжир” яратиш, шунингдек, микромолия ташкилотлари учун қўшимча молиявий ресурслар жалб қилиш имкониятини йўлга қўйиш, микромолия ташкилотларини микромолия банкларига ва микромолия банкларини тижорат банкларига ҳамда аксинча, трансформация қилишнинг ҳуқуқий асоси яратилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасида микромолия банки тушунчаси, микромолия банки томонидан амалга ошириладиган фаолият турлари, микромолия банки устав капиталининг энг кам миқдори, Марказий банк томонидан микромолия банки фаолиятини тартибга солиш белгиланмоқда.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси қабул қилиниши аҳолининг тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланишига, ҳудудларда микромолиявий хизматлардан фойдаланиш кўламининг ошишига хизмат қилади.
Қизғин мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
М.Комилова, ЎзА