Мамлакатимизда ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уни бозор активига айлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчил равишда амалга оширилмоқда.

Шунга қарамай, бугунги кунда турли мезонларга таянган ҳолда ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга очиқ электрон танлов орқали ижарага бериш тартиби ернинг ҳақиқий бозор баҳосини аниқлаш ҳамда ерга бўлган ҳуқуқни гаровга олган шахсларнинг гаров объектини реализация қилиш имконини бермаяпти.

Шу сабабли, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.

Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси мажлисида мазкур қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қонун билан Ер кодекси ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”, “Яйловлар тўғрисида”, “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион савдолари орқали ижарага бериш ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ижарага берилган ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиш, яъни қайта ижарага беришга рухсат этилмоқда.

Юридик шахсларга электрон онлайн-аукцион, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан давлат органларининг қарорларига кўра тўғридан-тўғри ижарага берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш)га ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан беш йилдан кейин йўл қўйилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредит олиш учун гаровга қўйилган ва кредит мажбурияти бажарилмаган тақдирда, кредиторлар томонидан мазкур ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда онлайн-аукцион орқали реализация қилиш нормаси амалиётга киритилмоқда.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга беришда турли баҳсли мезонларга таянган очиқ электрон танлов ўрнига шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган электрон онлайн-аукцион савдолари жорий этилишига ва бу орқали қишлоқ хўжалиги соҳасига янгидан янги инвестициялар жалб этилишига хизмат қилади.

Н.Абдураимова,  

ЎзА