Остонада Ўзбекистон киноси кунлари бўлиб ўтади

438

Қозоғистон пойтахтидаги Чаплин кинотеатрида 6-7 август кунлари Ўзбекистон киноси кунлари бўлиб ўтади, деб хабар берди “Казинформ” агентлиги Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

Остона шаҳри аҳолиси ва меҳмонлари анжуман доирасида икки ўзбек фильмини бепул томоша қилишлари мумкин.

Режиссёр Музаффар Эркинов томонидан 2023 йил суратга олинган “Абдулла Орипов: Мустақиллик хонандаси” асари атоқли шоир, Ўзбекистон Давлат мадҳияси матни муаллифи Абдулла Орипов ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилади. Мазкур картина томошабинларни адибнинг болалиги, ёшлиги оламига етаклайди, унинг ўзбек адабиёти ва маданиятига қўшган улкан ҳиссасини ифодалайди.

Иккинчи фильм – “Яша, хотин!”  комедияси оилавий қадриятлар мавзусини ҳазил орқали очиб беради. Бош қаҳрамон нафақага чиққандан кейин ёлғизлик ҳис этади, ўзини унутилгандек сезади. Фильмда турмуш ўртоқ, ота-она ва фарзандлар ўртасида меҳр, ғамхўрлик муҳимлиги таъкидланган.