Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолияти такомиллаштирилиб, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолияти трансформация қилинади.
Барча ишларни «аҳоли манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида йўлга қўйиш, «Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким» ғоясини ҳаётимизга татбиқ қилиш мақсадида Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Бу борада Сенат раислигида комиссия ва ҳар бир йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Сенатда маҳаллий кенгашлар депутатларининг мақоми ва фаолиятининг асосий кафолатларини янада кучайтириш бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда концепция ва уни амалга ошириш бўйича дастур лойиҳасини ишлаб чиқишда ишчи гуруҳ аъзоларига берилган қатор вазифалар қизғин муҳокама қилинди.
Жумладан, халқ депутатлари кенгашларининг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган омил ва сабабларни таҳлил қилиш, вакиллик органлари фаолиятига оид хорижий тажрибани ўрганиш ва унинг натижаларидан келиб чиққан ҳолда концепция лойиҳаси юзасидан ишчи гуруҳ аъзоларининг таклиф ва ахборотлари тингланди.
Мажлис якунида ишчи гуруҳ аъзоларига ишлаб чиқилган лойиҳаларни ҳар томонлама, яъни илмий назария ва тадқиқотларга асосланган, муваффақиятли хорижий амалиётларни ҳисобга олган ҳолда концептуал жиҳатидан яна бир бор чуқур кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА