Жорий йилнинг 30 июлида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ва Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти (СТМИ) ўртасида Ўзбекистон-Қирғизистон эксперт кенгашини ташкил этиш тўғрисида меморандум имзоланди.

Кенгашнинг ташкил этилиши жорий йилнинг 18-19 июль кунлари бўлиб ўтган олий даражадаги Ўзбекистон-Қирғизистон саммити якунлари бўйича эришилган келишувларнинг амалга оширилиши экспертлар томонидан қўллаб-қувватланишининг муҳим механизмига айланади.

Кенгаш тегишли экспертлар ва мутахассисларни жалб қилиш орқали мамлакатлар ўртасидаги экспертлар мулоқотига мунтазам ва мазмунли характер беришга мўлжалланган.

Ушбу механизм доирасида савдо-иқтисодий, саноат, технологик ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳолатини таҳлил қилиш ва ўсишнинг янги нуқталарини излашга алоҳида эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, экспертлар икки давлат раҳбарларининг минтақадаги барча мамлакатлар иқтисодиётининг ривожланишига мультипликатив таъсир кўрсатувчи ташаббусларини, жумладан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши, Қамбарота ГEС-1 қурилиши контекстида сув-энергетика ўзаро ҳамкорлиги соҳасидаги ташаббусларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратадилар.

Учрашув якунлари бўйича 2024 йил охиригача қўшма конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва ўзаро манфаатли мавзулар бўйича тадқиқотлар ўтказишни назарда тутувчи «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

ЎзА