Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси (ПА) Кенгашининг йиғилишида Ҳамдўстлик мамлакатларидаги сайлов жараёнларини мониторинг қилишга катта эътибор қаратилди.

Хусусан, Россия ва Озарбайжондаги президентлик сайловлари ҳамда Беларусдаги парламент сайловининг мониторингида Парламентлараро Ассамблея халқаро кузатувчилари фаолияти кўриб чиқилди.

Йиғилиш иштирокчилари МДҲ ПАнинг сиёсий масалалар ва халқаро ҳамкорлик ҳамда мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссияларининг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни тинглади.

Парламент аъзолари миллий делегацияларнинг барча мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда МДҲ Парламент Ассамблеясида кузатувчи мақоми тўғрисидаги низом лойиҳасини ҳам маъқуллади.

Шунингдек, бир қатор бошқа ҳужжатлар ҳам тасдиқланди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Сенат Раиси Т.Норбоева МДҲ ПА халқаро кузатувчиларини жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиб боришда иштирок этишга таклиф қилди.

Н.Абдураимова, ЎзА