Хитой Халқ Республикаси Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи бошчилигидаги делегация юртимизда амалий ташриф билан бўлиб турибди.

Хитой делегацияси аъзолари кўҳна Самарқандда бўлиб, қадимий архитектура ва кўп асрлик шаҳарнинг тарихий обидалари, меъморий манзаралари билан яқиндан танишди.

Меҳмонлар ташрифнинг асосий тадбирлари бўлиб ўтадиган Тошкент шаҳрига етиб келди. Уларни Тошкент халқаро аэропортида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева кутиб олди.

***

Амалий ташриф билан юртимизда бўлиб турган Бутунхитой халқ вакиллари мажлиси доимий қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи бошчилигидаги делегация Сенат Раиси Танзила Норбоева ҳамроҳлигида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Конфуций номли Ўзбекистон-Хитой институтига ташриф буюрди.

Меҳмонлар мазкур таълим даргоҳининг 20 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “Конфуций институтлари ва цивилизациялараро ўзаро таълим” мавзусидаги халқаро анжуманнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатларининг турли давлат ва таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, хитойшунослик ва халқаро муносабатлар соҳасидаги эксперт ва олимлар ҳам қатнашди.

Сенат Раиси ўз сўзида таълим ва фан, маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги ҳар бир қадам халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида қайд этди.

Чжао Лэцзи Тошкентдаги Конфуций институти дунёдаги биринчи ташкил этилган институтлардан бири саналишини таъкидлаб, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ишончли ва йиллар синовидан ўтган дўстона муносабатларга асосланганига урғу берди.

Тадбир доирасида ХХР делегацияси Конфуций институтининг сўнгги 20 йил давомида эришган ютуқларига бағишланган кўргазма билан ҳам танишди.

*** 

Хитой делегацияси аъзолари Олий Мажлис Сенати Раиси ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.

Делегация раҳбари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мажмуанинг архитектура ечимлари ва композициясининг ўзига хос хусусиятлари билан танишди.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси делегацияси 2025 йилда бўлиб ўтадиган Осиё ва Параосиё ўсмирлар ўйинлари иштирокчиларини қабул қиладиган, пойтахтимизда барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасида бўлди.

Чжао Лэцзи дунёнинг 70 та давлатида спорт иншоотларини қуриш тажрибасига эга Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Олимпия шаҳарчаси қурилишининг бориши билан танишди.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси шаҳарчада амалга оширилаётган ишлар кўлами ва сифатини юқори баҳолаб, бу давлат томонидан спортни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибордан далолат беришини ҳамда мазкур лойиҳаларнинг барчаси Ўзбекистон ва Хитой ўртасида йўлга қўйилган ҳар томонлама ва серқирра ҳамкорлик самараси эканини таъкидлади.

Н.Абдураимова, ЎзА