Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан 3-4 июль кунлари “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” мавзусида республика олимлари форуми ўтказилди.

Анжуманда мамлакатимиздаги етук олимлар, фан арбоблари, экспертлар, ёш тадқиқотчилар, диний соҳа вакиллари, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.

Форумда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази мамлакатимиз тарихида маданий-гуманитар йўналишда биринчи марта амалга оширилаётган улкан ва ноёб мегалойиҳа экани, ушбу Марказ қисқа муддатда нафақат юртимиз, балки дунё миқёсидаги машҳур давлат ва сиёсат, дин арбоблари, таниқли олимлар, кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотаётгани ва улар томонидан юксак эътироф этилаётгани алоҳида таъкидланди.

Форум доирасида ўтказилган илмий-амалий семинарларда қатнашчилар буюк аждодларимизга муносиб бўлиш, уларнинг шонли анъаналарини бугунги шароитда изчил давом эттириш, шу асосда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мамлакатимиз илмий ва маданий жамоатчилиги олдидаги эзгу ва олижаноб вазифа эканини қайд этдилар. Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини самарали ташкил этиш, жаҳон илм-фани тараққиёти ва цивилизациясига ҳисса қўшган аждодларимиз илмий меросини тадқиқ қилиш каби масалалар муҳокама этилиб, тақдимотлар ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Марказ олдида улкан ва масъулиятли вазифалар турганини таъкидлаб, ушбу илмий-маърифий масканни Янги Ўзбекистоннинг энг йирик ақл марказига айлантириш бўйича бор куч ва ғайратини ишга солишларини билдирдилар.

Анжуман якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга форум иштирокчиларининг мурожаати йўлланди.

Қуйида мазкур мурожаат матни берилмоқда.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” мавзусидаги республика олимлари, ёшлар ва жамоатчилик вакиллари форуми иштирокчиларининг 

МУРОЖААТИ

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Бугунги кунда Сизнинг раҳбарлигингизда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз ҳаётига чуқур кириб бориб, барча соҳа ва тармоқларда, ҳар бир юртдошимиз ҳаётида аниқ натижалар бермоқда.

Сизнинг ташаббусларингиз маҳсули бўлган кўплаб сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий дастурлар ва йирик лойиҳалар жамиятимиз манзарасини бутунлай ўзгартириб, миллий тараққиётимизга янги, янада кучли шижоат бермоқда. Янги Ўзбекистон ғояси реал ҳақиқатга айланмоқда. Буни эл-юртимиз ҳам, халқаро ҳамжамият ҳам кенг эътироф этмоқда.

Яқинда мамлакатимизга ташриф буюрган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш жаноби олийларининг бугунги Ўзбекистон тараққиёти, унинг Марказий Осиё минтақасидаги бирлаштирувчилик роли ҳақида билдирган ҳаққоний фикрлари ҳам буни яққол тасдиқлаб турибди.

Юртимиз тарихида биринчи марта амалга оширилаётган ноёб мегалойиҳа сифатида баҳоланаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш тўғрисидаги ташаббусингиз муқаддас динимизнинг тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини улуғлаш, халқимизнинг буюк тарихи, бой маданий-маърифий меросини тиклаш ва дунёга тарғиб этиш борасидаги доимий эътибор ва ғамхўрлигингизнинг юксак амалий намунаси сифатида, айниқса, таҳсинга сазовордир. Зеро, Марказ фаолияти ҳозирданоқ халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Қисқа муддатда азим пойтахтимиз Тошкентнинг қадимий маркази – Ҳазрати Имом ёдгорлик мажмуасига яқин ҳудудда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ва темурийлар даврига хос меъморий услубда, ташқи безаклари ва маҳобатли хаттотлик санъати ёзувлари билан очиқ китоб тимсолида кўз ўнгимизда намоён бўладиган бетакрор обида – Ислом цивилизацияси маркази биноси қад ростлади.

Сиз таъкидлаб айтганингиздек, “бой ва чуқур тарихимиз, бетакрор илмий-маданий меросимизни бир жойда мужассам этган ҳолда, кенг кўламда акс эттириш” вазифаси юкланган Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиб, бу йўлда мамлакатимизнинг илм ва маърифат аҳлини бирлаштириб, уларнинг самарали фаолияти учун барча шароитларни яратиб бераётганингиз учун Сизга чин дилдан самимий ташаккуримизни изҳор этамиз.

Бугунги таҳликали даврда, хусусан, ислом номи билан амалга оширилаётган хуружлар авж олган бир шароитда, ушбу марказ ҳар қандай ёт ғояларга қарши илмий раддиялар орқали жавоб берадиган етакчи илмий-маърифий масканлардан бирига айланади. Шунингдек, бу ердаги барча музей экспозицияларида акс этадиган илмий-тадқиқот ишланмалари ёшларни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек юксак вазифага етаклаб, буюк аждодларимиз тарихи ҳақидаги тўғри фикрни шакллантиришга хизмат қилади, деб ишонамиз.

Сиз белгилаб берган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган бир ой мобайнида “Ислом цивилизацияси маркази: кеча, бугун ва келажакда” шиори остида Марказ фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган илмий-амалий семинарлар ташкил этилди. Форумда бир қатор янги лойиҳалар, аниқ таклиф ва тавсиялар илгари сурилди, тақдимотлар бўлиб ўтди, фаолиятимизни чуқурлаштириш ва олдимизга қўйилган янги вазифаларни бажаришга қаратилган якуний ҳужжат – “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш белгилаб олинди.

Ишончимиз комил, ушбу Марказ Янги Ўзбекистоннинг маданий-маърифий устунларидан бири бўлади ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдаги барча саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштириб борадиган йирик фундаментал илмий-тадқиқот муассасаси сифатида хизмат қилади.

Биз, Форум иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказини илм ва маърифат, янги ғоялар ишлаб чиқадиган чинакам ақл марказига айлантириш йўлида Сизга ёрдамчи ва кўмакчи бўлиб, чин дилдан меҳнат қилишга, ўзимизнинг бор билим ва тажрибамиз, истеъдодимизни шундай улуғ ишга бағишлашга ваъда берамиз.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига бағишланган навбатдаги Конгрессини Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Халқимизнинг бой ва бебаҳо маданий-маърифий меросини халқаро миқёсда тарғиб ва тараннум этиш билан бирга, Конгрессда Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси, қўлёзмалар фонди ва музейи фаолиятини замон талаблари асосида ташкил қилиш бўйича дунё экспертларининг фикрларини олиш имконияти яратилади.

Ислом цивилизацияси маркази келгусида халқимиз ва, айниқса, ёшларимизнинг онгу тафаккурини, қалби ва руҳини юксалтириб, Учинчи Ренессанс бунёдкори этиб тарбиялашга, Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос маънавий кўзгуси бўлиб хизмат қиладиган бетакрор масканга айлантириш бўйича Сизнинг кўрсатмаларингиз асосида барча мақсад ва вазифаларни аниқ белгилаб олганимиз, ҳеч шубҳасиз, фаолиятимиз самарасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Сизга, ҳурматли Президент, мустаҳкам соғлиқ, ғоят масъулиятли ва шарафли фаолиятингизга улкан куч-ғайрат ва янги ютуқлар тилаб қоламиз.

Жонажон Ватанимизнинг шону шуҳрати, қудрати ва салоҳияти янада зиёда бўлсин!