Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган ҳаракатларнинг қатъий рўйхати тасдиқланмоқда, шунингдек фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғи белгиланмоқда.
Яъни, тунги вақтда — сутканинг соат 23:00 дан 06:00 гача бўлган вақт оралиғида, шунингдек дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари соат 22:00 дан 09:00 гача вақт оралиғида — фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.
Бунга кўра, фуқароларга БҲМнинг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилмоқда. Амалда мазкур ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори фуқароларга – 113 минг сўм, мансабдор шахсларга эса 113 минг сўмдан 226 минг сўмгача бўлган миқдорни ташкил этади.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда аҳолининг қулай табиий муҳитда ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг саломатлиги ва осойишталигини ҳар қандай зарарли шовқинлар таъсиридан ҳимоя қилиш борасида самарали ҳуқуқий механизмларни яратишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
М.Турдалиева, Н.Абдувоитов