Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси вакиллари Нукус шаҳридаги “KARAKALPAK BASALTWOOL” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан яқиндан танишди.

Умумий қиймати 52,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган  мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши учун 4,95 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бугунги кунда корхонанинг қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Ўзига хос ноёб базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқарувчи корхонанинг ишга туширилиши 250 нафар маҳаллий аҳолини доимий иш ўрни билан таъминлайди. Йилига 40 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган мазкур лойиҳа ишга туширилгач, 55 фоиз маҳсулотнинг экспортга йўналтирилиши ҳам режалаштирилган. Келгусида мазкур корхона экспорт салоҳиятининг барқарорлигига эришиш мақсадида Божхона қўмитаси томонидан жорий этилган “Экспорт 3 қадамда” тизими имконияти тадбиркорлик субъектига кенг тушунтирилди.

Таъкидлаш жоизки, масъулияти чекланган жамият томонидан 2024 йилнинг ўтган даврида қиймати 36,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган технологик ускуна олиб келинган. Мазкур ускуналарга божхона тўловларидан 55 миллиард сўм миқдорида имтиёз қўлланилди.

Бу каби инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши аҳоли фаровонлиги йўлида хизмат қилиб, давлатимиз экспорт салоҳиятининг ортишига замин яратади.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири