Президент Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Inno” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки фаолияти билан танишди, муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказди.

“Inno” инновацион технопарки уч йил олдин бунёд этилган. Бу ерда саноат соҳаларини ривожлантириш учун инновацион ғоя ва ихтиролар ишлаб чиқилади. Ёшларни замонавий касбларга ўргатиш мақсадида олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар йили 15 минг нафарга яқин талаба ва ўқувчилар иштирокида семинар, амалий машғулотлар ташкил этилади.

Юртимизда бундай инновацион марказлар кўпайиб бормоқда. Саноат, энергетика ва ахборот технологиялари ривожланиб, янги-янги мажмуалар ишга туширилмоқда. Улар учун замонавий билим ва малакага эга муҳандис ва техниклар керак.

Шу ерда Тошкент давлат техника университети, Бухоро муҳандислик-технология институти, Тошкент давлат транспорт университети, Фарғона политехника институти, Тошкент архитектура-қурилиш университети ва Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузурида ташкил этилаётган олий муҳандислик мактаблари тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги қарорида бу борада қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, қарорга мувофиқ, муҳандислик-техника йўналишида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари ташкилий-бошқарув фаолияти такомиллаштирилмоқда. Амалдаги ўқув дастурларининг замонавий технологиялар ва иш берувчилар талабига мувофиқлиги ўрганилиб, тубдан ўзгартирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарига шулар ҳақида маълумот берилди.

Дастлабки босқичда 10 та олий таълим муассасаси ҳузурида олий муҳандислик мактаблари очилади. Мактабнинг кузатув кенгашига олимлар билан бирга ҳамкор корхоналар вакиллари аъзо бўлади.

Ушбу мактабларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади. Биринчи йил талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади, бу борада чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади. Иккинчи йил янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади.

Президент олий таълим муассасаларидаги илмий изланишларнинг ҳаётийлиги ва самарадорлигига аҳамият берди. Таълим тизимига қаратилаётган эътибор илм-фан ютуқларида ўз ифодасини топиши кераклиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари олимларнинг ихтиролари, илғор ишланмалар билан ҳам танишди. Жумладан, энергия тежамкор ускуналар, юклама ортиши сабаб трансформаторлар портлашидан ҳимояловчи совутиш тизими, нефть-газ соҳасида муҳим бўлган кимёвий реагентлар, бунёдкорлик, йўлсозликдаги замонавий ёндашувлар, сув иншоотлари учун муҳандислик лойиҳалари, ахборот технологияларига оид замонавий ихтиролар ҳақида маълумот берилди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Дунёда рақобат кучайган бугунги замонда мамлакатимиз ички ресурсларга таяниб, индустриал ривожланиш йўлидан бормоқда. Йилига 3 мингта саноат корхонаси ишга туширилиб, 150 минг атрофида иш ўрни яратилаяпти.

Жорий йилда давлат инвестиция дастурлари асосида 21 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилади. Шунингдек, бу йил 37,5 миллиард долларлик хорижий ва ҳудудий инвестиция лойиҳалари назарда тутилган.

Шунга мутаносиб равишда давлат томонидан илм, таълим ва инновацияга эътибор қаратилмоқда. Масалан, ўтган тўрт йилда 1 минг 727 та амалий, инновацион, фундаментал ва стартап лойиҳаларга 2,2 триллион сўм йўналтирилган. Тадқиқот, тажриба-конструкторлик учун харажатлар 2 баробар ўсган.

Лекин бу борадаги натижалар, юқори малакали муҳандислар ҳали етарли эмас. Олий ўқув юртлари билан саноат ўртасида узилиш бор.

Шу боис йиғилишга техника йўналишидаги муассасалар ректорлари ҳам таклиф қилинди.

Давлатимиз раҳбари аввало соҳадаги муаммоларга тўхталиб ўтди.

Юртимизда техника йўналишидаги 36 та давлат олийгоҳида йилига 67 минг битирувчи чиқади. Аммо улардаги дастур ва мутахассисликлар ишлаб чиқарувчилар талабига мос эмас. Оқибатда муҳандисларнинг 60 фоизи ўзи ўқиган йўналишда ишламаяпти.

Олий таълим муассасалари фундаментал тадқиқотлар ўтказиш билан чекланган, иқтисодиёт учун амалий ишланмалар жуда кам. Муҳандислик йўналишида юзлаб стартап ва инновацион лойиҳалар “қоғоз”да қолиб кетаяпти.

Хорижий университетларда “таннарх муҳандислиги” “қиёслаш муҳандислиги”, “қайта муҳандислик” каби ихтисосликлар бор. Биздаги техника олийгоҳларида бу йўлга қўйилмаган. Оқибатда маҳаллий саноат тармоқлари катта маблағ сарфлаб, ишчиларини хорижда ўқитишга ёки четдан мутахассис олиб келишга мажбур.

Охирги етти йилда олий таълим қамрови 5 баробар ошган бўлса-да, ёшларнинг муҳандислик-техникага қизиқиши жуда паст. Университет ва илмий лабораторияларнинг айрим ускуналари эскирган. Кўп профессор-ўқитувчилар амалиётдан узилиб қолган. Ректорлар корхоналарга бориб, янги технологиялар билан танишмайди, ускуна ва дастгоҳларни ўрганмайди.

Сўнгги тўрт йилда олий таълим муассасаларининг илмий-тадқиқот учун тузган шартномалари 3 карра кўпайган. Улардан даромад 6 карра ошган. Лекин илмий ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш жуда паст. Ихтироларни патентлашда ҳам ҳамма бирдек эмас.

Президентимиз соҳани ривожлантириш учун янги ташаббусларни маълум қилди.

Энди техника йўналишида ўқитиш ва илмий-тадқиқот жараёнлари илғор тажриба асосида тўлиқ ўзгаради. 36 та олий ўқув юрти ва уларнинг филиаллари босқичма-босқич йириклашиб, жами 20 та олийгоҳ қолади. Улар дуал таълим тизимига тўлиқ ўтади.

Меҳнат бозорида талаб йўқ мутахассисликлар қисқаради. Айрим кафедралар бирлаштирилади. Деканатларнинг талабаларга хизмат кўрсатиш функциялари тўлиқ рақамлашади. Хориждаги каби “Регистратор офиси” ташкил қилинади.

Ҳар бир олийгоҳ Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби ривожланган давлатлар нуфузли техника университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди.

“Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида, ҳар бир олийгоҳга саноат ҳамкори белгилаб берилади.

Барча муҳандислик олийгоҳлари ҳамкор корхоналарида кафедралар очади ва дуал таълимни йўлга қўяди. Бунда, корхоналар кафедраларни жиҳозлаш, ўқитувчи ва талабаларни рағбатлантиришга маблағ ажратади. Талабаларнинг амалиёти ва битирув курсдаги таълими тўлиқ ҳамкор корхоналарда ташкил қилинади.

Вазирлик ва корхоналар тизимида 32 та тармоқ кенгашлари ташкил қилинади. Улар институтлар билан техника соҳаларидаги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилайди ва буюртмачи бўлади.

Шунингдек, биринчи босқичда 10 та олийгоҳда “Олий муҳандислик мактаблари” очилади. Уларда икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилиб, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади. Корхоналар “Олий муҳандислик мактаби”да лаборатория очиш ва жиҳозлашни молиявий қўллаб-қувватлайди. Давлат ҳам бюджетдан маблағ ажратади.

Энди олий таълим муассасаларининг тажриба ишлаб чиқариш корхоналари мақоми қонун билан мустаҳкамланади. Уларга IT-парк резидентларига қўлланилаётган имтиёзлар берилади. Шўъба корхонаси ишчисининг камида 60 фоизи докторант ва талабалардан иборат бўлади.

Келаси йилдан техника йўналишидаги лойиҳаларга давлат грантлари 4 карра оширилади. Корхонага олийгоҳ билан ҳамкор ташкилот ҳам таъсисчи бўлишига рухсат берилади.

Вилоят ҳокимлари ва тармоқ раҳбари илмий ва ишлаб чиқариш лойиҳалари учун олийгоҳларга 10 миллиард сўмгача буюртмани тўғридан-тўғри бериши мумкин бўлади.

Инвестиция лойиҳалари қийматининг камида ярим фоизини илмий ишларга ажратиш тизими жорий қилинади.

Муҳандислик йўналишлари бўйича “энг яхши ғоя”, “энг яхши лойиҳа” ва “энг яхши ихтиро” республика танлови ўтказилади. Унда ўқитувчилар, талабалар ва амалиётчи муҳандислар иштирок этиши мумкин бўлади. Биринчи ўринга электромобиль берилади.

Шунингдек, ғоя, лойиҳа ва ихтиро муаллифи бўлган энг зўр 10 нафар иштирокчи Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатларга стажировкага юборилади.

Йиғилиш очиқ мулоқот тарзида давом этди. Тармоқ раҳбарлари, олимлар, ректорлар ва муҳандислар соҳада илм-фан ва таълимни ривожлантириш бўйича фикрларини айтди.

Уларнинг таклифлари асосида алоҳида фармон лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

– Иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар  сув билан ҳаводек зарур. Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бунга албатта эришамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

ЎзА мухбирлари