Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида старт оладиган U15 ёш тоифасида Ўзбекистон биринчилиги ҳамда 20 июнь куни бошланадиган U17 тоифасидаги Марказий Осиё очиқ чемпионатининг фахрий меҳмонлари қаторида Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) президенти Муҳаммад Жалуд, шунингдек Марказий Осиё оғир атлетика миллий федерацияларининг раҳбарлари иштирок этади.
Бу ҳақда Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси хабар берди.
Хабарга кўра, эртага 19 июнь куни бошланадиган кичик ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон биринчилиги ҳамда 20 июндан бошланадиган Марказий Осиё чемпионатини юқори даражада ташкил этиш борасида Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакат оғир атлетика федерацияси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан зарур ишлар олиб борилди.
Бугун, 18 июнь куни мазкур мусобақалар олдидан тегишли комиссияларнинг йиғилишлари ташкил этилди.
Эслатиб ўтамиз, кичик ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида юртимизнинг ҳар бир вилоятидан юз нафарга яқин ёш спортчилар баҳсларда иштирок этса, Марказий Осиё чемпионатида 5 та мамлакатнинг 150 нафарга яқин умидли оғир атлетикачилари медаллар учун курашларда қатнашади.
Т. Рўзиев, ЎзА