Германиянинг турли шаҳарларида футбол бўйича Европа чемпионатининг гуруҳ босқичлари давом этмоқда.

Жумладан, «D» гуруҳидан ўрин олган Польша – Нидерландия ўйини 1:2 ҳисобида якунланди.

«Volkspark» стадионида ўтган мазкур ўйиннинг 16-дақиқасида Адам Букса гол уриб, Польша термасини олдинга олиб чиқди. Орадан 13 дақиқа ўтиб, Коди Гакпонинг рақиб дарвозаси томон тепган тўпи ҳимоячиларга тегиб, голга айланди. Шу тариқа, жамоалар биринчи бўлимни 1:1 ҳисобида якунлади. Иккинчи бўлимнинг 83-дақиқасида Ваут Вегхорст Нидерландиянинг иккинчи голига муаллифлик қилди ва жамоасига 3 очко тақдим этди.

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Ваут Вегхорст 81-дақиқада майдонга тушди ва 2 дақиқа 18 сониядан сўнг гол урди. Бунинг натижасида у Нидерландия терма жамоасининг Евролар тарихида захирадан майдонга тушиб, энг тезкор гол урган футболчисига айланди.

Бу ғалаба орқали Нидерландия муҳим уч очкони қўлга киритди ва ҳозирча гуруҳ пешқадами бўлиб олди.

«C» гуруҳида ташкил этилган Словения – Дания терма жамоалари баҳсида 1:1 ҳисоби қайд этилди. Бу натижа эса чемпионатдаги илк дуранг сифатида тарих зарварақларидан ўрин олди.

Баҳснинг 17-дақиқасида даниялик Кристиан Эриксен ҳисобни очган бўлса, 77-дақиқада Эрик Жанза гол уриб ҳисобни тенглаштирди. Шу тариқа «MHPArena»да ўтган бу ўйинда Словения ва Дания термалари 1 очкони қўлга киритди.

Ушбу гуруҳ фаворити ҳисобланган Англия Сербияга қарши ўйинда Жуд Беллингемнинг ягона голи эвазига кичик ҳисобда ғалаба қозонди.

Шу тариқа, «С» гуруҳида Англия 3 очко билан биринчи ўринга кўтарилиб олган бўлса, Дания ва Словения 1 очко билан иккинчи ҳамда учинчи поғонага жойлашди. Сербия эса мағлубиятга учраб гуруҳнинг сўнгги ўрнида қолмоқда.

Бугун, 17 июнь куни «E» гуруҳида Руминия – Украина, Бельгия – Словакия, «D» гуруҳида Австрия – Франция терма жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА