Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Ички ишлар бўлимлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди.

“Саноат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳаракатланиб келаётган “Nexia-3” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда фуқаро Л.М. қўлбола усулида тайёрланган “Қаратау” номли жами  720 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини ушбу туманда сотиш мақсадида олиб келаётганлиги аниқланиб, маҳсулот ашёвий далил сифатида олинди.

Фуқаролар А.А. ва К.Р. ноқонуний даромад орттириш мақсадида Хўжайли тумани марказида қўлбола усулда тайёрланган “Қаратау” номли жами 552 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотини фуқаро С.А.га 6 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фуқаро А.Т. эса “Чимбой деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти ҳудудидаги савдо дўконида фуқаро Б.А.га қалбаки акциз маркали 120 дона “Қаратаў” номли алкоголь маҳсулотини 3,4 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, ундан жами 501 дона алкоголь маҳсулоти ашёвий далил сифатида олинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири