Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа таклифига биноан Макка шаҳрида бўлиб ўтаётган 48-Ҳаж анжуманида иштирок этди. Бу йилги мазкур тадбир “Ҳаж амалини адо этишда қонуний рухсатномаларга ва амалдаги қоидаларга риоя қилиш”га бағишланди.

Мамлакатимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, шунингдек, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нодиржон Турғунов, Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонасининг “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташеси Шуҳрат Омоний ва бир қатор соҳа мутасаддилари қатнашди.

Қуръони карим тиловати билан бошланган анжуманни мамлакат Ҳаж ва умра ишлари вазири кириш сўзи билан очиб, мартабали меҳмонларни Маккаи мукаррамага ташрифлари ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлади. Ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар тўғрисида сўзлади.

Халқаро анжуманда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг зиёратчиларга хизмат кўрсатишдаги маданий ва цивилизациявий роли ҳақида сўз юритилди. Мусулмонларга хизмат қилиш учун Икки Муқаддас Масжиддаги энг муҳим лойиҳа ва катта ўзгаришлар тақдимот қилинди. Шунингдек, ҳаж амалини адо этишда қонуний рухсатномаларга ва амалдаги қоидаларга риоя қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Мазкур симпозиумда Саудия Арабистони Вазирлар Маҳкамаси қошида Масжидул Ҳарам ва Масжидун Набавийдаги диний ишлар бўйича мустақил аппарат раҳбари Шайх Абдурраҳмон ас-Судайс, Ислом олами уюшмаси Бош котиби, Мусулмон олимлар ҳайъати раиси, Шайх Доктор Муҳаммад Абдулкарим ал-Исо, Саудия Арабистонидаги Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Халқаро Ислом фиқҳи академияси раиси Доктор Қутб Мустафо Сану, Миср Араб Республикаси Бош муфтийси, Доктор Шавқий Иброҳим ал-Аллом ва бошқа мартабали уламолар иштирок этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизматига кўра, ушбу симпозиум 1970 йилдан буён ҳар йили ўтказилади. Бу йилги анжуманда 50 дан ортиқ давлатдан 500 дан зиёд олим ва мутафаккирлар мавзу юзасидан муҳим масалаларни муҳокама қилди.

Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА