Миллий адабиётимизда заҳматли меҳнат қилган, аммо ижодини ўзгаларга кўз-кўзламай, камтарин фаолият кўрсатган адиб ва шоирлар кўп. Атоқли ижодкор Миртемир ана шундай фидойи ва меҳнатсевар ижодкорлардан эди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон халқ шоири Миртемир 1910 йил 30 майда Туркистон шаҳрига туташ Иқон қишлоғида туғилган. У эски усулдаги мактабни битиргач, 1921-1923 йилларда Тошкентдаги «Алмаий» номли болалар намуна мактабида тарбияланади. Сўнг 1925 йили ўзбек Эрлар билим юртига ўқишга кириб, уни 1929 йилда тамомлайди ва шу йили Ўзбекистон давлат педагогика академиясига ўқишга киради. Айни вақтда у Ўзбекистон Марказий Ижроия Қўмитасининг раиси Йўлдош Охунбобоевнинг шахсий котиби бўлиб ишлайди.
Адабиётшунослар фикрига кўра, ўтган асрнинг 30-йилларидаги машъум қатағон даври Миртемир домлани ҳам четлаб ўтмаган. У 30-йилларнинг бошларида номаълум сабабларга кўра ҳибсга олиниб, «Москва — Волга» канали қурилишига юборилади. Аммо кўп ўтмай, озод этилиб, оз муддат турли ўқув юртларида дарс беради. Таҳририятларда адабий ходим, театрларда адабий эмакдош, Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи, нашриётларда муҳаррир бўлиб ишлайди.
Унинг биринчи шеъри 1926 йилда «Танбурим овози» номи билан «Ёш ленинчи» газетасида босилган. Шоирнинг «Шуълалар қўйнида» номли биринчи китоби 1928 йилда чоп этилган. Унда Ватан мадҳи, меҳнат гашти ва ёш замондошларнинг маънавий дунёси тараннум қилинган.
Шоир халқ ижодидан илҳомланиб, «Аждар», «Дилкушо», «Сув қизи», «Ойсанамнинг тўйида» каби достонларини яратди. Бу асарлар 30-йилларнинг иккинчи ярмидаги ўзбек шеърияти ривожланишида ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилган. Унинг уруш йилларида яратилган «Вабо», «Ўч», «Бу — менинг Ватаним», «Она шаҳар», «Денгиз бўйида», «Мард йигит, ёринг бўлай», «Пилла», «Кўзларим йўлингда» каби шеърларида душманга нафрат ҳислари жанговар руҳда ифодаланган.
Урушдан кейинги йиллар Миртемир ижодида замон билан ҳамнафаслик, даврнинг энг муҳим масалаларини, замондошларимизнинг баркамол образларини яратиш тамойили кенг ўрин тутади.
Миртемирнинг таржимонлик санъати ҳам таҳсинга лойиқдир. Устоз ижодкор Пушкин шеърларини, Некрасовнинг «Русияда ким яхши яшайди?», Руставелининг «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон», Абай, Махтумқули ва Бердақ асарларини, қирғиз халқ эпоси «Манас»ни она тилимизга таржима қилган.
Миртемирнинг «Қорақалпоқ дафтари» шеърлар туркуми ўзбек шеъриятининг 60-йиллардаги ютуқларидандир. Шоирнинг «Сурат» достони ўзбек достончилигининг энг нодир намуналаридан биридир. Шоирнинг «Мен сени…», «Чағалай», «Қирғизистон», «Махтумқули тўйида», «Онагинам», «Қозоғим», «Қайдадир булоқ» каби шеърлари халқлар дўстлигини куйловчи энг яхши асарлардандир.
1979 йилда унга «Тоғдай таянчим» шеърий тўплами учун Ҳамза номидаги давлат мукофоти берилган. Шунингдек, у 1977 йилда Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат мукофотининг совриндори бўлган. Истиқлол йилларида камтарин ва фидойи қаламкаш Миртемирнинг ижоди юксак баҳоланиб, «Буюк xизматлари учун» орденига муносиб топилган.
Н.Усмонова тайёрлади,
ЎзА