Фармацевтика соҳасида янги лойиҳа ишга туширилмоқда

Мамлакатимизда фармацевтика тармоғини ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, юртимизда тайёрланадиган дори маҳсулотлари учун асосий таъсирчан фаол моддалар чет элдан импорт қилинади. Мутахассислар қайд этишича, бу ҳолат фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси талаб даражада ташкил этилмагани билан боғлиқ. Аслида, фаол моддаларни юртимизда ишлаб чиқариш имкони мавжуд.
Айни мақсадда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамкорлигида “Осиё мамлакатларида фармацевтика маҳсулотлари етказиб бериш занжирини диверсификациялаш” дастурий фаолияти ишга туширилмоқда.
Пойтахтимизда шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси, вазирлик, идоралар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Дастлаб масъуллар дастур ҳақида батафсил маълумот беришди.
Қайд этилишича, икки йил давом этадиган, 2,5 миллион долларлик мазкур лойиҳа соҳани маҳаллий даражада тартибга солиш, ишлаб чиқаришни кучайтириш, маҳаллий технология даражаси ва ишчи кучи касбий маҳоратини ошириш ҳамда соҳага инвестиция жалб қилиш имконини беради. Юртимизда ишлаб чиқарилаётган дори препаратлари миллий ва халқаро сифат стандартига жавоб беришини таъминлайди.
Тегишли тартибга риоя қилинмаган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулот беморга тўғридан-тўғри зарар етказиши ёки асосий касалликни даволамаслиги мумкин.
Ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу дастур орқали давлат ва хусусий фармацевтика секторлари чидамлилиги, муаммони тезда бартараф этиш имкони кенгайиши кўзда тутилмоқда. Зеро, жаҳон стандартига мувофиқ ишлаб, нафақат беморларни ҳимоя қилиш, балки маҳаллий дори препаратлари, фармацевтика компаниялари, мутахассислар ва соғлиқни сақлаш тизимига ишончни орттириш мумкин.
– Бу лойиҳа Қозоғистон ва Ўзбекистон учун бир вақтда йўлга қўйилди, – дейди Элчи ЖонатанХеник. – Олдимизда ягона мақсад бор: фармацевтика бозоридаги маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш орқали инсонлар соғлиғини сақлаш даражасини ошириш. Сир эмас, яқинда мамлакатингизга сифатсиз дори воситаси кириб келиши оқибатида аянчли воқеа юз берди. Афсуски, кўплаб ёш болалар ўлими кузатилди. Ҳодиса дори-дармон хавфсизлиги етарли даражада таъминланмагани учун содир бўлди. Мазкур ташаббус орқали ҳукуматга дори воситалари хавфсизлигини таъминлашда ёрдам бериш назарда тутилган. Иккинчи босқичда фармацевтика секторини кучайтиришни ният қилганмиз. Ўзбекистон жуда кучли иқтисодий ва илмий захирага эга. Мамлакатнинг ўзида барча керакли моддаларни ишлаб чиқиш учун улкан салоҳият мавжуд. Лойиҳа айни шу мақсадга эришиш учун соҳани моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Келгуси натижалар жамиятни иқтисодий ўсишга, ривожланишга етаклайди.
Тадбирда қайд этилганидек, республикамиз Марказий Осиёдаги энг йирик фармацевтика бозори ҳисобланса-да, соҳада ҳамон маҳсулот ва хом ашё импортига таянади. Ҳолатни ижобий томонга ўзгартириш учун мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқариш қўллаб-қувватланмоқда. Бу жараёнда импорт ўрнини босиш, ишлаб чиқарувчини молиявий рағбатлантириш воситалари ва сифат назорати бўйича қатъий қоидаларни такомиллаштириш усуллари қўлланмоқда.
Айни пайт юртимизда фаолият кўрсатаётган 220 дан зиёд хусусий фармацевтика компанияси препаратларнинг 45 фоизини ишлаб чиқаради. Ушбу кўрсаткични 2026 йилга келиб 80 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Умуман, “Осиё мамлакатларида фармацевтика маҳсулотлари етказиб бериш занжирини диверсификациялаш” дастури нафақат ички бозордаги талабни қондириш, балки чет элга дори-дармон экспорт қилишга ҳам кўмаклашади.
Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА