Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани Холимбег овулида янги сунъий қопламали мини футбол майдончаси фойдаланишга топширилди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, тадбирда сўзга чиққанлар амударёлик спортчиларининг катта мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари, бунда холимбеклик спортчи ёшларнинг ҳам ҳиссаси юқори эканлигини, овул ёшларининг жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишларини янада оширишда мазкур спорт майдончаси муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Мазкур сунъий қопламали мини футбол майдончаси ўрни олдин қаровсиз ҳолдаги ташландиқ ер бўлган. Тадбиркор Амина Тажимуратованинг ташаббуси билан ушбу жой обод қилинди. Тадбиркор жами 300 миллион сўм, шундан 33 миллион сўми банк кредити, қолгани ўз маблағи ҳисобига мазкур сунъий қопламали мини футбол майдончасини бунёд қилди. Эндиликда мазкур майдонча ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, овул ёшларининг саломатликларини мустаҳкамлаш ва уларни янада катта ютуқ ҳамда марраларга ундашга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири