Яқинда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Мирмуҳсин Султонов бошчилигидаги делегация Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлди. Ушбу амалий сафар Президент Администрацияси топшириғига асосан Ўзбекистон – Туркия ўртасидаги олий даражадаги стратегик кенгашининг учинчи йиғилишига самарали тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари билан боғлиқдир.

Мазкур сафар давомида делегация “HOMETEX-2024” халқаро йирик уй текстиль маҳсулотлари кўргазмасига ташриф буюриб, қатор турк компаниялар билан музокаралар олиб борди. Ўз навбатида, мезбон томонга мамлакатимиз тўқимачилик саноати ҳақида ҳам маълумот берилди.

Кўргазма доирасида “ZorluHolding” компанияси билан Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган 100 миллион доллар  қийматидаги йирик уй текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича музокара олиб борилди ва келишувга эришилди.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ахборот хизмати хабарига кўра, сафар чоғида Истанбул шаҳрида тўқимачилик инвестиция форумини ўтказиш мақсадида Истанбул тўқимачилик ва кийим-кечак экспорт қилувчи уюшмаси ва Туркия экспортчилар ассамблеяси билан музокаралар ўтказилди.

Учрашув якунида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланди ва мазкур инвестиция форумини биргаликда ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.

 

Н. Зиёдуллаева, ЎзА