Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида фракция аъзолари “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа билан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар оладиган шахслар тоифасига умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ҳамда техникумларни тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар билан бирга эндиликда оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар ҳам кириши назарда тутилмоқда.

Муҳокамаларда сўз олган фракция аъзолари ушбу лойиҳада кўзда тутилаётган масала партия электорати манфаатларига хизмат қилишини таъкидладилар. Қонун лойиҳаси аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлашга, қонунчилик ҳужжатларини қўллаш амалиётидаги қарама-қаршиликларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятли эканини алоҳида қайд этдилар.

 

М.Комилова,  

ЎзА